Янги намойишлар, янги талаб

Ўтган ҳафта охиридан бери Ню-Деҳлида давом этаётган «Суварaклар халқ партияси» (CJP) ёшлар ҳаракатининг намойишлари ҳал қилувчи паллага кирди. Ушбу намойишларни бостириш учун Ҳиндистон пойтахтига 35 минг нафар полициячи сафарбар этилган.

Янги намойишлар Indian Express газетасида сайлов комиссияси раҳбарининг икки ўринбосари сайловчилар рўйхатидаги ўзгаришлар, рўйхатдан ўтказиш тартиблари ва рақамли тизимлар юзасидан қатор хавотирлар билдиргани ҳақида хабар чоп этилганидан кейин бошланди.

Ўтган йилдан буён амалга оширилаётган ўзгартиришлар натижасида сайловчилар рўйхатидан 130 миллиондан ортиқ исм чиқариб ташланган. Бу Япония аҳолиси сонидан ҳам кўп. Рўйхатдан чиқарилганлар орасида 28 миллион нафар вафот этган, 63 миллион нафар бошқа жойга кўчиб кетган ва 30 миллион нафар манзилини аниқлашнинг имкони бўлмаган шахслар бор.

Мухолифат партиялари ушбу ўзгаришлар мусулмонлар ва бошқа озчилик гуруҳларига номутаносиб даражада таъсир кўрсатаётганини даъво қилмоқда. Уларнинг фикрича, бу гуруҳлар ҳинд миллатчилигини қўллаб-қувватловчи ҳукмрон партияга овоз бериш эҳтимоли камроқ.

Сайлов комиссияси ва мамлакатда ҳукмрон бўлган «Бҳаратия Жаната Парти» бу айбловларни рад этмоқда. Сайлов комиссияси ва унинг раҳбари Гянeш Кумарга қарши кутилмаганда бошланган ҳужум Нарендра Модининг 2024 йилги сайловлардаги ғалабаси қонунийлигини шубҳа остига қўйишга қаратилгани айтилмоқда. Шу фонда Ҳиндистон ҳукмрон партияси вакиллари октябр ойидаги намойишларда «хорижий из» мавжудлиги ҳақида гапира бошлади.

Сўнгги умумхалқ сайловлари натижаларига кўра, «Бҳаратия Жаната Парти» парламентдаги кўпчилик ўрнини сақлаб қолган, 2014 йилдан буён ҳокимият тепасида бўлган бош вазир Нарендра Моди эса янги муддатга қайта сайланганди.

Сайлов комиссияси раҳбарига қарши кампанияни бир неча ой аввал таълим вазири Дҳармендра Прадҳанни истеъфога чиқаришга эришган «Суварaклар халқ партияси» ҳаракати бошлаб берди.

«Суварaклар»нинг талабини илк бор «Ҳиндистон миллий конгресси» партияси ва унинг етакчиси Раҳул Ганди бошчилик қиладиган INDIA мухолифат алянси очиқчасига қўллаб-қувватлади.