Ҳиндистоннинг Гвалиор шаҳридаги Шитла Мата ибодатхонаси яқинида юк машинаси бошқарувни йўқотиб, зиёратчиларга урилиши оқибатида 15 киши ҳалок бўлди, деб хабар берди NDTV. Полиция 29 киши жароҳатланганини маълум қилди.

Воқеа 18 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 01:30 да содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, гуруч ортилган юк машинаси тик қияликда бошқарувни йўқотган.

Юк машинаси полиция тўсиқларини бузиб ўтиб, зиёратчиларни уриб юборган, сўнгра ибодатхона девори ва дарвозасига бориб урилган. Полициянинг маълум қилишича, камида беш кишининг аҳволи оғир. 

«Бу йўлда тўсиқ ва полиция назорат-ўтказиш пункти мавжуд эди. Транспорт воситаси у ерга қандай кириб келганини тергов аниқлайди», — деди Гвалиор округи маъмурияти раҳбари Ручика Чаухан.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, юк машинасида меъёридан ортиқ юк ортилган бўлган.