Вазирнинг айтишича, мамлакатда авиация техникасини ишлаб чиқариш учун зарур саноат муҳити ривожланмоқда.

«Икки йил ичида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган фуқаролик самолётига эга бўла оламиз», — деган Найду.

Бироқ у лойиҳани амалга ошириши кутилган қўшма корхона ҳақида батафсил маълумот бермаган. Самолётнинг модели, сиғими, ҳамкор компаниялар ва ишлаб чиқаришда маҳаллий қисмлар улуши ҳам очиқланмаган.

Шу боис баёнот мамлакатда самолёт ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадини англатади. Унинг бутунлай янги, мустақил лойиҳаланган самолёт бўлиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Найду Ҳиндистон авиация бозоридаги талабга ҳам тўхталган. Унинг маълумотига кўра, маҳаллий авиакомпаниялар умумий қиймати қарийб 100 млрд доллар бўлган 1 600 тадан ортиқ самолётга буюртма берган.

Ҳозирда мамлакатда 165 та аэропорт мавжуд. Ҳиндистон авиакомпаниялари парки эса тахминан 850 та ҳаво кемасидан иборат.

Келгуси ўн йилда яна 100 тадан ортиқ янги аэропорт пайдо бўлиши кутилмоқда.

Ҳукумат авиация двигателларини ҳам мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариш имкониятини кўриб чиқади. Бироқ вазир бундай ишлаб чиқариш қувватларини яратиш анча вақт талаб қилишини таъкидлаган.