Жамият | 13:42 / 24.03.2017
25719
2 дақиқада ўқилади

Энг қимматга тушувчи озиқ-овқат маҳсулотлари номи эълон қилинди

Илмий журналист Марта Зараска ишлаб чиқарилиши учун жуда кўп ресурс (энг аввало, сув) сарфланувчи етти озиқ-овқат маҳсулоти номини эълон қилди. New Scientist шу ҳақидаги маълумоти билан бўлишди

Манбага кўра, бундай маҳсулотларнинг илк учлигига мол гўшти, креветка ва ёнғоқлар киради. Бир килограмм мол гўштини "ишлаб чиқариш" учун тахминан 15 минг литр сув кетади - бу товуқ гўштидан уч карра, буғдойдан эса 18 карра кўп демакдир. 

Бир килограмм тайёр креветка гўштини олиш учун 25 карра кўп ем керак бўлади, шу боис креветкалар ҳам мазкур рўйхатга киритилди. 

Ёнғоқ етиштириш худди мол гўшти каби кўп сув талаб қилади. Масалан, Калифорнияда инсон томонидан фойдаланилаётган сув ресурсларининг тахминан 10 фоизи бодом етиштиришга сарфланади. Ёнғоқ, кешью, фундуқ ва писта учун ҳам деярли шундай. Зараска ёнғоқлар орасида сувни тежаш учун энг маъқули каштан деб ҳисоблайди.

Кўп ресурсталаб озиқ-овқат маҳсулотлари қаторида шунингдек картошка-фри, қаҳва, банан ва шоколад қайд этилган.