Президент администрацияси ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегияси бўйича умуммиллий концепцияни ишлаб чиқадиган махсус ишчи гуруҳ ташкил этилмоқда, деб маълум қилди Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов.

“Президентимиз Таълим ва илм-фан вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолар эканлар, таълим сифатини ошириш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш учун янгича ёндашувларни қўллаш, бозор талабларига мос таълимни, рақобатни ҳамда хусусий сектор иштирокини ривожлантириш вазифасини қўйди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, шу мақсадда Президент администрацияси ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегияси бўйича умуммиллий концепцияни ишлаб чиқадиган махсус ишчи гуруҳ ташкил этилмоқда. Унга жамоатчилик асосида тадбиркор Зафар Ҳошимов раҳбарлик қилади.

Гуруҳ таркибига таълим муассасаларини йўлга қўйиш ва самарали тизимлар яратишда тажрибага эга тадбиркорлар, соҳа мутахассислари, олимлар ҳамда халқаро экспертлар жалб қилинади.