Олтинчи бор Жаҳон чемпионати саралаш учрашувлари циклида қатнашаётган миллий терма жамоамиз олтинчи бор ушбу нуфузли турнирга чиқишдан мосуво бўлишга яқин турибди. Атиги бир кунгина аввал ҳаммаси бошқача эди-я...

Аммо кеча Ўзбекистон терма жамоаси Сурияга мағлуб бўлди. Миллионлаб футбол мухлисларининг эса фиғони фалакда. Бу муваффақиятсизликда ким ёки нима айбдор? Ким айбдор бўлса жазоланиши, нимадир сабабчи бўлса — ўзгартирилишини исташмоқда.

КЕЧАГИ ЎЙИН

Ўйиндан кейинги статистикаларга кўра, ватанида 5 йилдан буён қирғинбарот уруш тўхтамаётган суриялик футболчилар барча жабҳаларда — тўпга эгалик қилиш, аниқ пас ошириш, ҳужум чизиғига тўп ошириш, дарвоза томон аниқ зарба бериш — футболчиларимиздан сезиларли устунлик қилган ва улар албатта ғалабага ҳақли равишда эришдилар. Ҳакамга осилайлик, десак, ҳакам ҳам ўйинни ёмон бошқармади. Ана шундай ҳолатда, айтилажак баҳоналарнинг кейингилари бўй кўрсата бошлади ва у мураббий оғзидан янгради: ноқулай об-ҳаво ва майдоннинг ночор ҳолати. Фақат, сурияликлар ҳам худди шу майдон ва осмон остида тўп сурганини унутиб қўйди, шекилли, жаноб Бабаян. 

Лекин майдондан ташқаридаги ҳаракатлари ҳам кўнгилдагидек бўлмаган кўринади. Умуман, ўйинга тайёргарлик қандай олиб борилиши, унинг тўлиқ икир-чикирларидан шахсан ўзим бехабарман. Лекин узоқ давлатда, экватор зонасида ўйналадиган ўйинга тайёргарлик қандай олиб борилган бўлиши мумкин? Иқлимга, соатга мослашиш учун мутахассисларнинг маслаҳати олиндими, шу йўлда изланиш олиб борилдими? 

Ҳамкасбим Ж.Бобожонов бир ҳафта муқаддам ўзга давлатда иқлимга мослашишнинг тўртинчи кунида инсон организмида оғир ўзгаришлар бўлишини айтиб ўтган эди. Бизникилар айнан тўртинчи куни майдонга тушишди... Бундай шароитда ўйиндан бир кун олдин, ёки иқлимга тўлиқ мослашиш учун ўйиндан бир ҳафта олдин борилади. Бу менинг фикрим эмас. Ўзи футболчилигида шу майдонларда тўп тепган собиқ мураббийимиз М.Қосимовга "Нега Баҳрайнга футболчиларни ўйинга 2-3 кун эмас, бир кун қолганда олиб кетдингиз?" деган саволга "Ҳали иқлим футболчиларни ҳолдан тойдирмасидан аввал майдонга тушиб, ўйнаб олиш керак", деган эди.

НОҚУЛАЙ АРАБ ФУТБОЛИ ҚАЙТМОҚДА

Умуман, Вадим Абрамов даврида араб терма жамоаларининг ҳар қандайи устидан осонгина ғалаба қозониш иммунитети яратилган эди. Бу ҳозирга келиб йўққа чиққани. Араб футболчиларидан яна қўрқа бошлаганимиз кишини хавотирга солмай қўймайди.

Ҳали кейинги ўйинда Қатар терма жамоаси ҳам футболчиларимизга етарли бош оғриғи туғдириши турган гап. Тошкентдаги 4:0, 2:0, 5:1 ҳисобларини унутамиз...