Сурияда Башар Асад ағдарилганидан кейинги даврдаги энг йирик оммавий норозилик намойишлари бошланди. Бунга ҳукуматнинг ёнилғи нархини ошириш қарори сабаб бўлди.

13 сентябр куни Сурия ҳукумати дизел ёнилғиси нархи 40 фоизга, бензин нархи эса 28 фоизга ошганини эълон қилди.

Ҳукумат бу жаҳон бозорида нефт ва нефт маҳсулотлари нархи ошиши туфайли вақтинчалик ўсиш эканини таъкидлаган. Суриядаги иккита нефтни қайта ишлаш заводидан бири, Баниясдаги нефтни қайта ишлаш заводи фаолияти модернизация ишлари туфайли тўхтатилишини яна бир сабаб сифатида келтирган.

Сурия энергетика вазири Муҳаммад ал-Башир шанба куни Сурия ҳозирда кунига атиги 102 минг баррел нефт қазиб олиб, 325 минг баррел истеъмол қилаётганини, шунинг учун мамлакат ёнилғи импорт қилишга мажбурлигини айтганди.

Ҳукумат қарори ортидан мамлакат аҳолиси ёнилғи нархи ортидан бошқа маҳсулотлар нархи ҳам ошишидан хавотирланиб, кўчаларга чиқди ва шиналарни ёқиб, автомобил йўлларини тўсиб қўйишга киришди.

Душанба куни Ҳалаб орқали Туркияга олиб борадиган йўл бўйида жойлашган Ҳама, Хон-Шайхун ва Маарат-ал-Нўмон шаҳарларидан, Дамашқ яқинидаги Азаз ва Ал-Бобдан, мамлакат шарқидаги Раққа, Дайр-аз-Зор ва Ҳасакдан, шимоли-шарқдаги Қамишлидан, Сурия Курдистонидан ва бошқа жойлардан норозилик намойишлари ҳақидаги хабарлар келган.

BBC Verify хизмати иккита чегара пунктида содир бўлган тартибсизликлар ҳақидаги видеоларни текшириб, уларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади: биринчи ҳолат Ироқ билан чегарада, иккинчиси эса Туркия билан чегарада рўй берган.

AFP мухбири Қамишлидан хабар беришича, бу шаҳарда юзлаб одамлар норозилик намойишига чиққан. Улар «Очлик сиёсатига йўқ!» «Ёнилғи нархининг ошишига йўқ!» шиорларини кўтариб, «Ёнилғи – халқ учун!» деб ҳайқиришган.

«Бу нотўғри қарор! Бу қарор фермерлар, ишчилар ва талабаларга – Суриядаги барча камбағалларга қарши», – дейди агентликка 56 ёшли маҳаллий фуқаро Абдул Раҳмон Халил.

Дамашқдаги таксичилар Reuters агентли мухбирига мамлакат аҳолиси учун ёнилғи нархи ошиши нимани англатишини айтиб беришган.

«Мен кеча 185 минг фунтга 10 литр бензин қуйдим, кун бўйи 225 минг ишладим. Кун бўйи ишлаб уйга 20-25 минг билан киряпман», – деган таксичи Муҳаммад. 25 минг фунт – икки доллардан камроқ пул дегани.