Башар Асад тузуми даврида Сурия пойтахти Дамашқдаги Адра марказий қамоқхонаси директори лавозимида ишлаган бригада генерали, 74 ёшли Самир Усмон Шайх маҳбусларни қийноққа солгани ва ўз ўтмишини Америка иммиграция ҳукуматидан яширгани учун 60 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги хабарида айтилади.
Вазирлик маълумотларига кўра, 2005−2008 йилларда қамоқхонага раҳбарлик қилган Шайх сиёсий маҳбусларни қийноққа солиш ҳақида буйруқ берган ва бу ишларда шахсан иштирок этган. Март ойида федерал ҳакамлар ҳайъати уни қийноққа солиш мақсадида тил бириктириш, учта қийноқ ҳолати ҳамда иммиграция ҳужжатларини расмийлаштириш ва фуқароликка ариза топширишдаги фирибгарликда айбдор деб топди.
Судда уч нафар жабрланувчи маҳбусларни «учар гилам» деб номланувчи қийноқ мосламасига боғлаб, шифтга осишгани ва калтаклашгани, баъзиларини эса «13-блок» деб аталадиган жойга юбориб, у ерда ғайриинсоний қийноқларга солишгани ҳақида сўзлаб берди.
Адлия вазирлигининг таъкидлашича, Шайх Асад тузумининг Суриядан ташқарида судланган энг юқори мартабали собиқ вакилига айланди. У АҚШ ҳудудига 2020 йилда кириб келган ва 2024 йил июл ойида ушланган.

















