Мазлум Абди бу ҳақда 25 август куни Дамашқда Сурия муваққат ҳукумати вакиллари билан ўтказилган музокаралар чоғида маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, курд автоном маъмуриятининг фуқаролик ва ҳарбий институтлари Суриянинг ислоҳ қилинаётган давлат институтларига интеграция қилинади. Шу муносабат билан курдларнинг мустақил қуролли тузилмалари фаолияти тугатилади.
Суриянинг SANA ахборот агентлиги Абдига таяниб хабар беришича, мамлакатнинг янги ҳукумати курд тилини мактабларда ўқитиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Курд қуролли тузилмалари аъзолари эса Сурия армиясининг бригадалари таркибига киритилади.
Абди бу жараён «тинчлик, барқарорлик ва янги Сурияни барпо этиш»га хизмат қилишини таъкидлаган.
Шу куни Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа ҳам Мазлум Абди бошчилигидаги делегацияни Дамашқдаги Халқ саройида қабул қилган. Учрашувда курдларни мамлакат давлат тизимига интеграция қилиш билан боғлиқ ҳал этилмай қолган масалалар муҳокама қилинган.
SDF сафида 100 минггача жангчи бўлган
Суриянинг шимолий ва шимоли-шарқий ҳудудларида, Туркия ва Ироқ билан чегарадош минтақаларда курдлар катта жамоа бўлиб яшайди. Бу ерларда, шунингдек, араблар, ассурийлар, туркманлар ва бошқа этник гуруҳлар ҳам истиқомат қилади.
Суриядаги узоқ давом этган фуқаролик уруши йилларида мамлакатнинг шимоли ва шимоли-шарқидаги бир қатор ҳудудлар амалда курд автономиясига айланган. Бу ҳудуд Рожава ёки Сурия Курдистони номи билан ҳам танилган.
Маҳаллий қуролли кучлар кейинчалик «Сурия демократик кучлари» алянсига бирлашган. Маълумотларга кўра, 2024 йилда SDF сафида 100 минггача жангчи бўлган ва у мамлакатдаги энг йирик қуролли тузилмалардан бири ҳисобланган.
Курд кучлари Суриядаги уруш давомида ИШИД террорчилик ташкилотига, шунингдек, Башар Асад ҳукумати кучларига қарши жанг қилган. Бироқ Асад ҳокимиятининг ағдарилишида SDF мустақил йирик ҳарбий куч сифатида бевосита иштирок этмаган.
Башар Асад ҳукумати қулаганидан сўнг SDF ҳокимиятнинг муваққат ҳукуматга ўтишини қўллаб-қувватлаган, бироқ курд автономиясини сақлаб қолишни талаб қилган.
Интеграция бўйича музокаралар бир йилдан ортиқ давом этди
Дамашқ ва курд кучлари ўртасидаги интеграция бўйича дастлабки келишув 2025 йил март ойида эълон қилинган эди. Ўша пайтда жараённи йил охиригача якунлаш режалаштирилган.









