Жамият | 17:48 / 27.03.2017
7782
3 дақиқада ўқилади

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида аҳоли вакиллари учун сайёр қабул ташкил этилди

Куни кеча Тошкент врачлар малакасини ошириш институти биносида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ходимлари ҳамда пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида аҳоли вакиллари учун сайёр қабул ташкил этилди

Тадбир Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни жойида ҳал этишга ва мавжуд камчиликларни бартараф этишга бағишланди.

Мазкур тадбирда Тошкент шаҳри ҳамда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимликлари ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари аҳоли билан юзма юз мулоқот қилди. Тадбирда бугун ҳар бир раҳбардан одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиб, фаровон турмушни таъминлаш даврнинг талаби эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек фуқароларни ташвишга солаётган муаммоларга, жойларда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга бефарқ бўлмай, уларни бартараф этиш учун жон куйдириш, барча ўз ишига масъулият билан ёндашиш кераклигига эътибор қаратилди.

Учрашувда таъкидланганидек, шу йилнинг 25 март кунига қадар Виртуал қабулхонага жами Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган фуқаролар томонидан 140 674 та мурожаат юборилган, шуларда 16 843 таси Мирзо Улуғбек туманига тўғри келади. Жумладан, уларнинг 21% – уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш масаласига, 9,6% – судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик судларида ишлар кўрилиши ҳамда суд қарорларининг ижро этилиши масалалари га, 8,5% –моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш масалаларига оиддир.

Тадбирда 170га яқин мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларнинг аксарият қисми ижобий ҳал этилди. Мисол учун, Мирзо Улуғбек туманидаги Олимлар кўчаси 29/3-уй истиқомат қилувчи Шамсутдинов Руслан Азимович йўлакни (тротуар) таъмирлаш бўйича мурожаати, Маминова Мухаббат Аширалиевнанинг ўзи 2-гуруҳ ногирони эканлиги, онаси ҳам юра олмаслиги сабабли онасига аравача ажратилиши ҳақида ёрдам сўрагани, Хумоюн массиви, 35-уй, 36-хонадон истиқомат қилувчи Абдуллаев Улуғбек Камилжоновичнинг клиника биноси бузилиш лойиҳасига тушганлиги сабабли, ўрнига тенг компенсация сўрагани ёки шу туманнинг Мағрур кўчаси, 50-уйда яшовчи Геринг Вера Игоревнанинг туман газ идораси ходимлари хатти-ҳаракатларидан билдирган шикояти қаноатлантирилди.

Кўриб чиқилган барча мурожаатлар бўйича шаҳар ва туман мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Мавзуга оид