Жамият | 12:15 / 14.04.2017
21847
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда газ таъминоти идораси ходими ҳибсга олинди

Самарқанд кўчасида яшовчи С.Раимовнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) хонадонига хатлов ўтказиляпти, дея “Водийгазтаъминот” УК Қўқон шаҳар бўлимининг икки нафар ходими кириб боришади. У лойиҳага киритилмаган газга уланиш нуқталарини лойиҳалаштириб қўйишни тайинлаб чиқиб кетади, дея ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Орадан бир неча кун ўтиб, хонадон эгаси газ таъминоти идорасига боради ва у ерда корхонанинг бригада бошлиғи Исоқжонга рўбарў келади. Бу йигит хонадон эгасига далолатнома тузганимиздан кейин гаплашамиз, дейди. Унинг буйруғи билан икки нафар ходим хонадонга қайтиб бориб, 3 млн. 600 минг сўм жаримага тортиш хусусида далолатнома тузишди. “Бизни бригадир жўнатди, кечки пайт бориб учрар экансиз”, дейишади.

С.Раимов бригада бошлиғи И.Ҳайитовнинг ҳузурига келади. У: “3 млн. 600 минг сўм келтириб берсангиз, далолатномани йўқ қилиб, қарзингиз йўқлиги ҳақида ҳақида маълумотнома ёздириб бераман”, дейди. 

-  Бунча пулим йўқ.

-  Бўпти, бир миллион икки юз минг сўм опкелинг.

-  Иккинчи гуруҳ ногирониман, учма-уч кун кўрамиз, сал йўлини қилиб беринг.

Бригадирнинг “кўнгли юмшади”.

-  Хўп, саккиз юз минг сўмга ишингизни битириб бераман. Ноқонуний точкаларни узиб қўямиз, далолатномани йиртиб ташлаймиз.

С.Раимовнинг мурожаатига асосан ўтказилган тадбирда ундан пулни олиб, маълумотнома ва далолатномани бериб, машинасига ўтираётган И.Ҳайитов жиноят устида ҳибсга олинди.

Суд мижозидан фирибгарлик йўли билан 800 минг сўм олган И.Ҳайитовнинг қилмишига яраша жазо тайинлади. 

Мавзуга оид