Газета 1 ноябр куни америкалик, европалик ва украиналик расмийларга таяниб хабар беришича, АҚШ музокарачилари Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф ушбу ғояни сентябрда Москва ва Киевга ташрифлари давомида муҳокама қилган.

Таклиф Россия газини америкалик воситачи орқали сотишни назарда тутади. Нашрга кўра, бундай механизм Европа санкцияларини четлаб ўтиш имконини бериши ва америкалик инвесторлар учун даромадли имкониятлар яратиши кутилмоқда.

Вашингтон ноябрда Абу-Дабида ўтказилиши режалаштирилган АҚШ, Россия ва Украина ўртасидаги уч томонлама музокаралар олдидан энергетика объектларига зарба беришни тўхтатиш бўйича кенг қамровли келишувга эришмоқчи.

WSJ манбаларига кўра, АҚШ маъмурияти Россиянинг Европа газ бозорига қайтишини Владимир Путинни энергетик сулҳни қўллаб-қувватлашга ундайдиган қўшимча рағбат сифатида кўрмоқда. Украина эса газни ўз ҳудудидан ўтказиш ҳисобига қўшимча транзит даромади олиши мумкин.

Америкалик расмийлардан бирининг айтишича, Оқ уй Россия газини Европага сотишдан тушадиган маблағларни учинчи юрисдикциядаги махсус ҳисобвараққа ўтказишни ҳам таклиф қилган. Бу механизм тушумларни ҳарбий мақсадларда ишлатишни чеклаши кўзда тутилмоқда.

Бироқ ташаббус Европада жиддий қаршиликка учрамоқда. WSJ'нинг ёзишича, Европа Иттифоқининг амалдаги қонунчилиги Россия гази импортидан 2027 йил охиригача босқичма-босқич воз кечишни назарда тутади. Европанинг йирик давлатлари раҳбарлари ҳам Россия энергия ресурсларига яна қарам бўлиб қолишни истамаслигини бир неча бор билдирган.

Нашр келтирган маълумотларга кўра, Россия газининг Европа истеъмолидаги улуши Украинанинг кенг кўламли босқини арафасидаги 45 фоиздан ҳозир тахминан 11 фоизга тушган. Айни пайтда Европадаги газ истеъмолининг қарийб 30 фоизи АҚШдан етказилаётган суюлтирилган табиий газ ҳисобига таъминланмоқда.

Айрим европалик расмийлар хусусий суҳбатларда муҳокама қилинаётган таклифни кескин танқид қилган. Шунга қарамай, Трамп маъмурияти Европанинг амалдаги қаршилиги омма олдидаги баёнотлардагидан юмшоқроқ бўлишига умид қилмоқда. Вашингтон ҳисобича, энергия нархларининг юқорилиги ва таъминот хавфсизлигига оид хавотирлар Европа давлатларини бундай таклифларга мойилроқ қилиши мумкин.