13:34 / 17.04.2017
13369

АҚШ вице-президенти КХДРни Трампнинг қатъиятини синамасликка чақирди

АҚШ вице-президенти Майкл Пенс КХДРни Америка президенти Дональд Трампнинг қатъиятини синамасликка чақирди. Пенс 17 апрель, душанба куни Жанубий Кореяга ташрифи давомида ана шундай баёнот билан чиқди. CNN телеканали шу ҳақида хабар берди. 

Оқ уй янги раҳбарининг қатъий хатти-ҳаракатларга қодирлигининг исботи сифатида Сурия ҳукумат кучлари авиабазасига қарата берилган ракета зарбалари ҳамда Афғонистонга ташланган энг қудратли ноядровий бомба мисол қилинди. 

"Сўнгги икки ҳафтада Сурия ва Афғонистонга қўлланган чоралар туфайли дунё янги президентимизнинг куч-қудрати ва қатъиятига гувоҳ бўлди, - деди Пенс. - Шимолий Корея унинг қатъияти ва Қўшма Штатларнинг бу минтақадаги Ҳарбий кучлари қудратини синамагани яхши". 

Вице-президентнинг сўзларига кўра, АҚШ ва унинг иттифоқдошлари Корея ярим оролини ядровий қуролдан халос қилишни мақсад қилишган. "Биз бу мақсадга тинч йўл билан эришишга умид қиламиз, аммо барча вариантлар ўз кучини сақлаб қолади", - қўшимча қилди у.

Top