Жамият | 07:52 / 08.05.2017
21716
2 дақиқада ўқилади

Андижонда Осиё чемпионларининг оила аъзолари қутланди

Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида бокс бўйича бўлиб ўтган Осиё чемпионати ниҳоясига етди. Бир ҳафта давом этган бокс мусобақасида мезбонлар жамоаси мутлақ устунликка эришди.

Турнирда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган 10 нафар боксчидан 9 нафари қитъа биринчилигининг чемпионлигини қўлга киритган бўлиб, улар орасида 3 нафар Андижон бокс мактаби вакиллари бор. 

Йигитлар ўз жангларини муваффақиятли якунлашлари билан қувончли дамларни биргаликда нишонлаш мақсадида Андижон вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси билан биргаликда уларнинг хонадони томон ошиқдик. Мақсад - ўз фарзандининг камолини кўриб, қувониб яйраётган оналарни табриклаш эди.  Қизиғи, учала боксчи ҳам вилоятнинг чекка туманларида туғилиб вояга етган.

Чемпионларнинг энг ёши кичиги бўлган Иқболжон Холдаров Қўрғонтепа тумани Деҳқончек маҳалласидан. У ерга етиб борганимизда хонадон табриклаш учун келган кўнгил яқин инсонлар билан гавжум экан. Унинг онаси Иродахон опага Андижон вилояти ҳокимлиги номидан вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Озодбек Саидов гул ва совғаларни топширди.    

Яна бир чемпионимиз Жасурбек Латипов Пахтаобод тумани Уйғур маҳалласида вояга етган. У ерга етиб борганимизда бизни чемпион боксчимизнинг онаси Матлубахон ая ва биринчи устози Абдуҳафиз Эгамовлар кутиб олишди. “Илоё, юртимиз ўғлонлари ютуқлари бундан-да зиёда бўлсин”, дея дуо қилди чемпионнинг онаси. 

Чемпионлик ютуғи одатий ҳолга айланган Булоқбоши тумани Дўлан маҳалласидаги Дўстматовлар хонадонида ҳам шодиёна. Дилнозахон опага гулларни топширдик.      

 

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Суратлар: Kun.uz

Мавзуга оид