Спорт | 18:05 / 08.05.2017
9734
7 дақиқада ўқилади

Венгернинг тарихий ғалабаси, 16 йилдан сўнг тахтга қайтган «Спартак» ва уик-энднинг бошқа ёрқин лаҳзалари

Европанинг кучли бешлик чемпионатларида якуний тур учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Ҳозирча биргина Германияда чемпион номи аниқ бўлган бўлса, бошқа биринчиликларда кураш давом этмоқда. «Барселона» ва «Реал» ҳамон қўшпешқадамлик қилмоқда. «Монако» узоқ йиллик танаффусдан кейин чемпионлик учун навбатдаги қадамини ташлади. Англияда «Тоттенҳэм» худди ўтган йилда бўлгани каби очко йўқотишни бошлади ва чемпионлик учун курашдаги имкониятларини кескин пасайтириб юборди. Уик-энднинг шу каби бошқа муҳим воқеаларини Tribuna.Uz бир жойга тўплади.

Венгернинг тарихий ғалабаси

Фото: sportinglife.com

Англия премьер-лигасининг марказий учрашуви Лондонда бўлиб ўтди ва унда «Арсенал» «Манчестер Юнайтед»ни қабул қилди. Арсен Венгернинг азалий рақиби бўлган Жозе Моуриньо жамоасига қарши ўйинда француз мутахассиси ниҳоят тарихий ғалабани қўлга киритди. Ушбу натижадан сўнг «Арсенал» яна 4-ўрин учун курашиш имкониятини ўзига қайтариб олди.

«Тоттенҳэм» эса Лондон дербисида «Вест Ҳэм»га имкониятни бой берди ва «Челси» билан орадаги фарқни минимал кўринишгача қисқартириш имкониятидан маҳрум бўлди. «Манчестер Сити» эса Гвардиола бошчилигидаги энг йирик ғалабасига «Кристал Пэлас»га қарши учрашувда эришди. ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб бораётган «Ливерпуль» эса «Саутҳемптон»га қарши учрашувда дуранг ўйнаб, муҳим икки очкони бой бериб қўйди.

Пешқадам «Челси» ўз ўйинини бугун, душанба куни «Мидлсбро»га қарши ўтказиши керак. Ғалаба лондонликларни чемпионлик сари янада яқинлаштиради.

«Барселона» ва «Реал»дан иборат чемпионат

Фото: Twitter/@realmadrid

Испания чемпионатида «Эл-класико»дан кейин икки азалий рақиб бир хил равишда ғалабаларни қўлга киритишда давом этмоқда. Бу сафар «Барселона» «Вильярреал»ни қабул қилиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлса, «Реал» «Гранада» уйида деярли иккинчи таркиб билан ҳаракат қилиб, муҳим ғалабани қўлга киритди. Дарвоқе Лионель Месси яна бир янги натижасини шу ҳафтада қайд этди.

Фото: Twitter/@barcelona

Ҳозирча чемпионатда бошқа курашадиган жамоалар қолмади. «Атлетико» 3, «Севилья» эса 4-ўринни деярли ҳал қилишга улгурди. Еврокубоклар йўлланмаси ҳам «Атлетик» ва «Вильрреал»да қоладиган бўлиб турибди. Биргина чемпионлик масаласи сўнгги турга қадар давом этадиган кўринади.

«Лейпциг»нинг яна бир янги тарихи

Фото: Twitter/@leipzig

Бундеслигада илк марта иштирок этаётган «РБ Лейпциг» жамоаси олдинроқ ЕЧЛда иштирок этиш масаласини ҳал қилиб, тарихий натижа қайд этганди. Бу турда жамоа Бундеслигадаги дебют мавсумидаёқ совринли ўринлардан бирини эгаллаши ва ЕЧЛ гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланма олиш вазифасини уддалади. Бунинг учун жамоа «Ҳерта» уйида йирик ҳисобдаги ғалаба билан қайтди.

Турнинг марказий учрашувида эса «Боруссия» ўз уйида «Ҳоффенҳайм»ни қабул қилиб, муҳим ғалабани қўлга киритди ва 3-ўринга кўтарилиб олди.«Бавария» эса «Дармштадт»ни қабул қилиб, кичик ҳисобда зафар қучди ва рақибининг бундеслигани икки йиллик иштирокдан кейин тарк этишини расмийлаштиришига «ёрдамлашиб юборди».

«Ювентус»нинг тўхталиши

Фото: Twitter/@juventus

Италия чемпионатининг 35-турига келиб, «Ювентус»  бир ярим йиллик танаффусдан кейин илк марта ўз уйида очко йўқотди. А серияда «Ювентус-Арена»да ўтган кетма-кет 33 учрашувда ғалаба қозонган Аллегри шогирдлари Турин дербисида «Торино» билан кечган учрашувда сўнгги дақиқаларда Гонсало Ҳигуаиннинг голи эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди.

Пешқадамнинг очко йўқотишидан «Рома» унумли фойдаланиб қолди. «Милан»да меҳмон бўлган Спаллетти шогирдлари йирик ҳисобда ғалаба қозониб, 2-ўринга кўтарилиб олди ва «Ювентус»нинг чемпионлигини камида бир ҳафтага кечиктиришга муваффақ бўлди. «Милан» эса деярли иккинчи мавсумда ҳам еврокубокларсиз қолишга жуда яқин қолди.

«Интер» эса расман бу имкониятдан маҳрум бўлишга улгурди. Римнинг бошқа бир жамоаси «Лацио» эса баҳорни ажойиб тарзда ўтказиб, бу турда ҳам ғалаба қозонди. Жамоа «Сампдория» дарвозасини 7 марта ишғол қилишга муваффақ бўлди.

Икки етакчи ва курашдан чиққан «Ницца»

Фото: Twitter/SquawkaNews

Франция чемпионати тугашига икки тур қолганда «Ницца» расман чемпионлик учун курашдан чиқди. Шундоқ ҳам ўзи учун тарихий натижани қўлга кирита олган жамоа «Марсель» меҳмони бўлиб имкониятни бой берди.

Чемпионлик учун курашаётган икки жамоа «Монако» ва «ПСЖ» эса муваффақиятли юришини давом эттирди. «ПСЖ» йирик ғалаба эвазига «Монако»га етиб олган бўлса, кейинроқ монегаскликлар ўз ғалабаси эвазига фарқни яна уч очкога оширди.

Россиянинг янги тарихи

Фото:Tribuna

Ўтган ҳафтада Россия чемпионатида ҳам ғолиб аниқланди. 16 йиллик танаффусдан кейин москваликлар яна мамлакат чемпионатининг юқори поғонасига қайтди. Бунда жамоага «Зенит»дан ғалаба билан қайтган «Терек» ҳам ёрдамлашиб юборди.

Шунингдек бу ҳафтада Данияда «Копенҳаген» ва Украинада «Шахтёр» чемпионликни нақд қилди.

Мавзуга оид