Божхона қўмитасининг Kun.uz’га маълум қилишича, 1 октябр куни соат 22:30 да Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Айритом” чегара божхона постига Афғонистондан кириб келган бўш юк автотранспорт воситасини божхона кўригидан ўтказиш давомида кинолог хизмат итининг белги бериши божхона ходимларининг диққатини тортган.
Шундан сўнг Термиз туманида истиқомат қилувчи фуқаро бошқарувидаги мазкур юк автотранспорт воситаси чуқурлаштирилган божхона назоратидан ўтказилган.
Назорат текшируви чоғида транспорт воситаси тиркамасининг пол қисми тагига 98 дона ўрам яширилганлиги аниқланган.
Божхона постидаги инспекцион рентген қурилмасини чалғитиш мақсадида мазкур ўрамлар полиэтилен, зарқоғоз ва скотч билан тўрт қават қилиб қадоқланган.
Ушбу ўрамлар кўздан кечирилганида 79 донасининг ичига “гашиш” ва 19 донасининг ичига “опий” гиёҳвандлик воситаси жойлангани маълум бўлган.
Уларнинг оғирлиги ўрами билан ҳисоблаганда гашиш 42 кг 335 граммни, опий эса 10 кг 260 граммни, жами оғирлиги эса 52 кг 595 граммни ташкил этади.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва бунда асосий эътибор ушбу гиёҳвандилк воситаларини қабул қилувчи шахсларни қидиришга қаратилган.








