Адлия вазирлиги "Урганч–Хива" пулли автомобил йўлидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

Унга кўра:

оператор йўлдан фойдаланиш бошланишидан олдин тарифлар, тўлов усуллари ҳамда муқобил бепул йўл ҳақидаги маълумотларни эълон қилади;

пулли йўлдан фойдаланиш оператор ва фойдаланувчи ўртасидаги оммавий шартнома асосида амалга оширилади;

тўловлар электрон шахсий ҳисоб, тўлов пункти ёки кечиктирилган тўлов усули орқали амалга оширилади;

йўлдан фойдаланиш учун тўлов миқдори транспорт воситаси тоифасига қараб, Транспорт вазирлиги томонидан белгиланган энг юқори миқдорлардан ошмаган ҳолда оператор томонидан белгиланади;

фойдаланувчи тўлов тарихи ва қарздорлигини текшириш, нотўғри ҳисобланган тўловни қайта ҳисоблашни талаб қилиш ҳамда операторнинг ҳаракатлари устидан Автомобил йўллари қўмитасига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга;

тўсиқсиз тизимда кечиктирилган тўлов қўлланилганда, тўлов хабарнома юборилган кундан бошлаб беш иш куни ичида амалга оширилиши лозим;

қарздорлик бўйича шикоят келиб тушганда, оператор беш иш куни ичида маълумотларни қайта текширади. Шикоят асосли бўлса, қарздорлик бекор қилинади ёки қайта ҳисобланади;

оператор йўлни соз ҳолатда сақлаш, авария ва техник носозликларда ёрдамни ташкил этиш ҳамда йўлдаги носозликлар туфайли транспорт воситаларига етказилган зарарни белгиланган тартибда қоплашга мажбур.

Мазкур ҳужжат расмий эълон қилинган кундан кучга киради ҳамда пулли автомобил йўлларидан фойдаланиш тартибини белгиловчи Вазирлар Маҳкамаси қарори кучга киргунига қадар амал қилади.

Аввалроқ "Урганч–Хива" пулли автомобил йўлида енгил автомобил учун тўлиқ йўналиш бўйича йўл ҳақи 25 минг сўм, 28 км узунликдаги қисқа йўналиш учун эса 20 минг сўмни ташкил этиши айтилганди.