3 октябр – Осиё ўйинларининг 13 кунида Ўзбекистон делегацияси аъзолари спортнинг 11 турида баҳсларда иштирок этди.
Кун давомида 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза қўлга киритилди.
Бадиий гимнастика
Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Тахмина Икромова Осиё ўйинларидаги учинчи олтинчи медалини қўлга киритди (у Ҳангчжоудаги турнирда яккалик ва жамоавий баҳсларда ҳам олтин олганди). Японияда у яккалик кўпкураш дастури финалига чиқди ва 112.950 балл олиб, барчани ортда қолдирди. Иккинчи ва учинчи ўринларни хитойлик гимнастикачилар банд этди. Қозоғистонлик гимнастикачилар Акмарал Ерекешева ҳамда Айбота Ертайқизи эса тўртинчи ва бешинчи ўринларда қолиб кетишди.

Ўз навбатида гуруҳ машқи дастурида қатнашган Иродахон Содиқова, Ёсина Жўраева, Диана Ҳакимова, Милана Сафина ҳамда София Усовадан иборат жамоа 49.850 балл билан тўртинчи ўринни эгаллади. Совринли ўринларни Хитой (55.300), Япония (52.500) ҳамда Қозоғистон (51.500) жамоалари ўзиники қилди.
Эркин кураш
Ўзбекистон эркин курашчилар жамоаси кутилган юқори натижаларга эриша олмади. Бугунги дастурда жамоанинг яна 5 нафар вакили ўз кучини синаб кўрди.
-97 кг вазн тоифасидаги Шерзод Поёнов ўз иштироки давомида Баҳрайн номидан қатнашган Магомед Шарипов (3:3, охирги баллни қўлга киритгани эвазига кейинги босқичга чиққан), мўғулистонлик Ганкҳуяг Ганбатар (2:1) ва ҳиндистонлик Дипак Пуния (9:8) тўсиғидан ўтди. Аммо финалда эронлик Амирали Азарпия қаршисида ожиз қолди (0:10) ва кумуш билан кифояланди.

Асли россиялик бўлган ва сўнгги халқаро турнирларда Ўзбекистон номидан қатнашиб келаётган Рамзанбек Жамалов учун эса бу сафарги турнир ўта муваффақиятсиз чиқди. Париж Олимпиадасида олтин қўлга киритган ушбу спортчи Осиё ўйинларида илк рақибгаёқ ютқазди. У аввалига эронлик Юнус Имомчағоийдан мағлуб бўлди (6:7), ушбу спортчи финалгача етиб боргач, Жамаловда бронза учун курашиш имконияти туғилди. Аммо ўтиш баҳсида ҳиндистонлик Сагар Жагланга ҳам ютқазиб қўйди (3:7).























