Light | 01:56 / 14.05.2017
23564
4 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистондаги сайёҳларни энг кўп жалб этувчи жойлар

"Қарыйдар" газетаси Қорақалпоғистон Республикасидаги сайёҳлик ўринлари ТОП-5лигини тузиб чиқди. Бу ҳақда Kruz.uz хабар бермоқда. 

Қуйида ана шу рейтинг билан танишиш мумкин.

5. Орол денгизи ҳудудидаги тарихий музей

2015 йилда Голландиянинг Воршотен шаҳридан ташриф буюрган Марсель бу жой ҳақида шундай дейди: «Мўйноқ туманидаги Орол денгизи музейи қишлоқ ҳудудидаги асосий узун йўлга қарама-қарши тарафдаги бинода ташкиллаштирилган. Орол денгизини томоша қилишга келган бўлсангиз,  лекин, шу ҳудуддаги музейни кўриб кетмасангиз, саёҳатингиз тўлиқ бўлмайди. Музей жуда катта эмас, бироқ, ундаги расмлар, хариталар ва мақолалар Орол денгизнинг йўқолиб кетиш сабаблари ҳақида кўплаб маълумотлар беради. Айниқса, биз, денгизнинг олдинги сув мол ва балиқларга тўла бўлган даври ҳақидаги фильмни томоша қилиб, ҳайрон қолдик. Шундан сўнг, биз Орол денгизи ёқасига бориб, қум устида юриб, олдин сувга тўла бўлган денгизни кўз олдимизга келтирдик».

4. “Кемалар қабристони”

2015 йилнинг апрель ойида Британиянинг Лондон шаҳридан ташриф буюрган Брикстон Массив бу ер ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди:  «Бу ерда бўлиш асосий вазифа саналади. Бу жойда ҳеч қандай денгиз кўринмайди. Бу кўриниш одамзодни йўқолиб кетиш хавфи ҳақидаги қайғули воқеани эслатиб туради ва ер юзини сергак туришга чақиради. Шунингдек, сиз, бу ердаги кемалар сиртига қараб хаёллар қанотида саёҳат этишингиз мумкин».

3.  Тупроқ қалъа

2015 йилнинг май ойида Россиянинг Москва шаҳридан келган сайёҳ Тиндер шундай дейди: «Қачонлардир жуда катта бўлган қўрғондан қолган қолдиқлар, ҳақиқатдан ҳам ажойиб. Тупроқ қалъа UNESCO’нинг жаҳон маъданий мероси рўйҳатига олинганлиги ҳам, бу ерни кўриш ва ўрганишга арзийди. Лекин, бу жой очиқ дала майдонида жойлашгани боис уни яхши биладиган маҳаллий инсон билан саёҳат қилганингиз афзалроқ».

2.  Аяз қалъа

2016 йилнинг январ ойида Британиянинг Ҳертфорд шаҳридан келган турист Тонбеннисон шундай дейди: «Очиқ далада, атрофда тупроқдан бошқа ҳеч нарса йўқ бўлган ерда бўлиш инсонга қандайдир эркинлик ҳисини тақдим этади. Ҳозирги кундаги бу қўрғондан девор кўринишдаги қолдиқларгина қолган ва бу минглаб йиллар олдин бу ерда нима бўлганлигини кўз олдимизда гавдалантиради».

1. И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ санъат музейи

2017 йилнинг январ ойида Швециядан ташриф буюрган Пер Ф. шундай дейди: «Қорақалпоғистонда бундай ажойиб музейнинг бор эканлиги ва мен ўзим бу музейни кўрганимдан жуда хурсандман. Яқиндагина музейнинг янги биноси қуриб битказилган экан. Шу боис ҳам, экспонатларнинг барчасини томоша қила олмадим. Агар Қорақалпоғистонда бўлсангиз, албатта, бу музейни томоша қилишга келинг, бироқ, бу ерга шу музейни кўриш учун махсус келмоқчи бўлсангиз, экспонатлар тўлиқ жойлаштириб бўлингандан кейин келишингизни маслаҳат бераман».

Мавзуга оид