Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг ҳар бир туманида аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қиладиган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Қайд этилишича, Бўзатовда замонавий санаторий, Нукусда онкология ва радиология маркази, Қўнғиротда болалар шифохонаси ва туғуруқхона ишга туширилган. Амударё ва Тўрткўлда ҳар бири 2 минг ўринли амфитеатр, Нукус шаҳрида гимнастика маркази ва Консерватория филиали фойдаланишга топширилган.
Осиё тараққиёт банки билан 384 млн доллар ҳисобига А-380 магистрал йўлининг Қўнғиротдан ўтган 240 километри тўлиқ бетон қопламага ўтказилган. Кеча йўлнинг Тўрткўл, Элликқалъа ва Берунийдан ўтган яна 92 километрини қуриш бошланган. Лойиҳа қиймати 233 млн доллар.
Натижада транзит 1,5 карра ошиши, Тўрткўлга кирган юклар Қозоғистон чегарасига бир сутка ўрнига 10 соатда етиб бориши таъкидланди.
Келаси йил март ойидан Тошкент – Нукус тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилиб, сафар вақти 16 соатдан 7 соатга қисқаради.

“Туямўйин” сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш ва Қўнғиротдан Мўйноққа 100 километр ичимлик сув тармоғини тортиш бошланади.
Давлат раҳбари Қорақалпоғистонда ер, қазилма бойликлар, қуёш ва шамол энергияси, катта яйловлар мавжудлигини қайд этди. Ана шу имкониятлар асосида “ресурсдан тайёр маҳсулотгача” бўлган занжирни қамраб оладиган янги саноат ва инвестиция харитаси яратилади.
“Қўнғирот – Қораўзак – Тахиатош” йўналиши Қорақалпоғистоннинг “яшил саноат йўлаги” – “интеллектуал иқтисодиёт учбурчаги”га айланади.
Сунъий интеллект ва дата марказ лойиҳалари учун ташкил этилган махсус зонада 8 млрд долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилади.
Мутасаддиларга 1 октябргача беш йиллик дастур ишлаб чиқиб, инвесторлар учун 1 гигаватт қувватли барқарор электр таъминотини йўлга қўйиш топширилди.
Уч йилда Нукус шаҳри, Қўнғирот, Қораўзак ва Тахиатошда 1,5 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш, булутли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида йиллик экспортни 600 млн долларга етказиш вазифаси белгиланди.

















