1797 йил 12 май куни Венеция Республикаси йўқликка сингди. Хўш, бу давлат ва компаниянгиз ўртасида қандайдир умумий жиҳатлар борми? Бу ҳақда Harvard Business Review колумнисти Пьеро Формика колонкасида чиқиш қилди.
Аксарият ташкилотлар Венеция Республикаси сингари узоқ вақт мавжуд бўлишни орзу қилишади. Эрамизнинг 697 йилидан 1797 йилга бўлган давр орлиғидаги технологик ютуқлар, географик жойлашуви ва фуқароларнинг ноанъанавий фикрлаши Шавкатли Республиканинг гуллаб-яшнашини таъминлаб келган. Бироқ ўзгаришлар қўққисдан бостириб келса, улар кучли жиҳатларни ҳам заифликка айлантириши, минг йиллик тарихга эга муваффақиятларни ҳам йўққа чиқариши мумкин экан.
Ҳарбий технологиялар ва шаҳарнинг ўша вақтлардаги асосий савдо йўллари кесишмасидаги стратегик жиҳатдан муҳим жойлашуви Венецияга бири бирини тўлдирувчи бир неча устунликларни тақдим этган эди. Қурол-яроғлар, бошқаларнинг ҳали тушига кирмаган пайтлар, улардан бир неча аср аввал флот учун илғор аслаҳа-анжомни серияли ишлаб чиқарувчи фабрика — Арсенал — Венециянинг ҳарбий-денгиз саноатининг юраги эди. XIII асрдан бошлаб бу ерда кема ясашда ижодий ёндашишга интилиб, инновация ва ишбилармонлик рағбатлантирилар эди.
Шаҳарнинг географик жойлашуви қуруқликдан ҳам, денгиздан ҳам босқичиларнинг ҳужумидан ҳимоя қилишда ёрдам берар эди. Ботқоқли қўлтиқдаги бир неча ороллардаги бу жойлашув ўша вақтлар учун ғайриоддий бўлган савдо ва ссудали иқтисодиётни ривожлантиришга мажбур қилган, чунки қишлоқ хўжалиги юритиш учун унумдор ер жуда кам эди. Адриатика денгизининг шимолида жойлашгани учун шаҳар муҳим савдо марказига айланган ва Ўрта Ер денгизи орқали ғарбни шарқ билан боғлаган эди.
Майкл Портернинг ёзишича, рақобатда устунлик «энг кучли бўғини нечоғлик кучли бўлса, шунчалик бақувват умумий занжир ҳосил қилувчи турли фаолият турлари бири бирини қанчалик тўлдириши ва мустаҳкам қилиши»га боғлиқ. Бу стратегик мувофиқлик Венецияда ортиғи билан мавжуд эди.
Бироқ кўплаб муваффақиятли ташкилотлар сингари, Венеция ҳам янгисини излашдан кўра, одатий нарсаларни эксплуатация қилишга диққатини кўпроқ жалб қилиш дамларига етиб келган эди: венециялик савдогарлар муваффақиятга эришишнинг мавжуд йўлларидан фойдалана бошлашганди. Ишбилармонлар асрлар давомида босилган сўқмоқлардан четга чиқмасликка қарор қилишганди. Тадқиқотлар ва ақл тиришқоқлигидан кўра, ўзини оқлаган амалиётлар ва афзалликлар янада машҳурлашди. Савдогарлар самарадорлик ва оптимизацияга диққат қилганча, мавжуд технологиянинг босқичма-босқич яхшиланишидан умид қилишганди. Ўз бойлигини имкон қадар кўпайтириб олиш илинжида, улар ҳаракат йўналишини ўзгартириш ўрнига, имкон қадар газ педалини қаттиқроқ боса бошлашганди.








