Тошкент шаҳри чорраҳаларига ўрнатилган камералар ва радарлар томонидан энг кўп қоидабузарликка йўл қўйган автомобилларнинг навбатдаги аксилрейтинги тузиб чиқилди. Бу ҳақда республика Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати Кун.uz сайтига маълум қилди. Қоидабузарлар «пойга»си 2017 йил 6-13 май даврига тегишли экани қайд этилмоқда. Бу сафар унда фақат юридик шахсларга тегишли автомобиллар Топ-5 лиги эълон қилинмоқда.
Демак, «рейтинг»да пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган «Gold Air Travel» МЧЖга қарашли «Малибу» русумли, давлат рақам белгиси 01 216 WDA бўлган транспорт воситаси ҳайдовчиси «ғолиб» деб топилди. У ўз бошқарувидаги автомашинада оз эмас, кўп эмас – жами 17 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузишга «жазм» этди. Ушбу қоидабузарликларнинг 16 таси белгиланган ҳаракатланиш тезлиги талабларига бўйсунмаслик, 1 таси светофорнинг тақиқловчи ишорасида ҳаракатланиш ҳолатларидир. Табиийки, қоидабузарликлар учун жарималар миқдори ҳам «салмоқли» бўлди – 8 миллион 87 минг 850 сўм!


Иккинчи ўринни Юнусобод туманидаги «Bilol Myagkaya krovlya» корхонасига тегишли «Ласетти» русумли (давлат рақам белгиси 01 305 YDA) автомашина ҳайдовчиси «эгаллади». У қоидабузарликлари туфайли 13 марта кузатув камераларига «тушган». Жумладан, манзилга жудаям ошиққан, шекилли, 11 марта тезликни белгиланган меъёрдан оширган, 2 марта светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунишни «хоҳламаган». Умумий жарима миқдори эса 2 миллион 845 минг 725 сўмни ташкил этган.


Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Маъмурий бинолардан фойдаланиш дирекциясига тегишли «Эпика» русумли автоулов ҳайдовчисига ҳам совринли ўрин «насиб» этди. Ҳайдовчи давлат рақам белгиси 01 206 ТВА бўлган мазкур транспорт воситасини бошқараётиб, «бор-йўғи» 12 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузди ва шубҳасиз видеокамералар «нигоҳи»дан четда қолмади. Айтганча, «Эпика» ҳайдовчиси светофорнинг тақиқловчи ишорасини хуш кўрмайдиганлар хилидан, шекилли. Акс ҳолда, чорраҳаларда 7 марта «қизил»да ўтмасди. Учинчи ўрин «соҳиби» энди қайд этилган қоидабузарликлар учун 2 миллион 845 минг 725 сўм миқдорида жарима тўлайди.




















