Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди.

Қонун билан кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк обектларини улуш киритиш асосида қуриш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда. Унда улушли қурилиш муносабатлари иштирокчиларининг, давлат органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколатлари, ўзаро муносабатларига оид қоидалар белгиланяпти.

Ҳужжатга кўра, фуқароларнинг улушли қурилишга киритган маблағларини кафолатли ҳимоя қилиш мақсадида маблағлар тўғридан тўғри қурувчи ихтиёрида эмас, банкларда очиладиган эскроу ҳисобварағида сақланади. Қурилиш белгиланган талаблар асосида амалга оширилиб, объект фойдаланишга топширилганидан сўнг маблағлар қурувчига ўтказилади.

Қонунга кўра, қурувчи (девелопер) фақат қонунда белгиланган талабларга жавоб берган, Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган, ваколатли банк билан бош битим тузган ва лойиҳа декларациясини эълон қилган тақдирдагина аҳоли маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бундан ташқари, улушли иштирок этиш шартномаси нотариал тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу бир объектнинг такроран сотилиши, ноқонуний шартномалар тузилиши каби ҳолатларнинг олдини олади.

Улушли иштирок этиш шартномасига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам нотариал тасдиқланиши талаб этилади. Бу улушдор билан норасмий “қўшимча келишув” тузиб, шартнома шартларини ўзгартириш ҳолатларининг олдини олади.

Қурувчи қонун талабларига зид равишда фуқаролар маблағларини жалб қилган тақдирда, улушдор ушбу маблағларни қайтаришни ва улардан фойдаланилганлик учун фоиз тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қонунда қурилиш лойиҳаларини ўз вақтида якунига етказишга қаратилган механизмлар ҳам назарда тутилган. Жумладан, зарур ҳолларда ваколатли банкни ёки қурувчини алмаштириш, қурилишнинг узлуксиз молиялаштирилишини таъминлашга қаратилган молиявий механизмлар яратилмоқда. Депутатларга кўра, бу – қурилишнинг тўхтаб қолишининг олдини олиш ва улушдорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.