Тошкент шаҳридаги турар жойларни оммавий баҳолаш натижалари бўйича жамоатчилик муҳокамаси 2026 йил 4 декабргача давом этади. Бу ҳақда Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази директори ўринбосари Феруз Султонов иштирокидаги брифингда маълум қилинди.

Қайд этилишича, бугунги кунга қадар 11 035 нафар мулкдор баҳолаш натижаларига ўз муносабатини билдирган. Уларнинг 5 535 нафари натижаларга рози бўлган, 5 500 нафари эса эътироз ва таклифларини тақдим этган.

Мулкдорларнинг фикрларини кенгроқ ўрганиш мақсадида муҳокама муддати 30 кунга узайтирилган.

Фуқаролар ўзларига тегишли уй-жойнинг баҳолаш натижалари билан my.gov.uz ёки davreestr.uz порталлари орқали танишиб, муносабат билдириши мумкин.

Марказнинг таъкидлашича, баҳолаш натижаси юзасидан фикр билдириш мажбурий эмас. Бироқ мулкдор муносабат билдирмаса, натижалар қайта кўриб чиқилмайди ва ўзгаришсиз қолади.

Эслатиб ўтамиз, кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизими президентнинг 2025 йил 5 мартдаги фармони асосида жорий этилмоқда. Жараён 2025–2026 йилларда Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида, 2026–2027 йилларда Нукус шаҳри ва вилоят марказларида, 2027 йилдан эса қолган ҳудудларда ўтказилиши белгиланган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Тошкентдаги 600 мингдан ортиқ квартиранинг умумий қиймати 426,7 трлн сўм, 213 мингдан ортиқ ҳовли-жойники эса 548,4 трлн сўм деб баҳоланган. Бу уларнинг амалдаги умумий кадастр қийматидан мос равишда қарийб 7,4 ва 14 баробар юқори.

Марказ вакиллари аввалроқ Kun.uz’га берган интервьюсида дастлабки натижалар эълон қилиниши фуқаролар учун ҳозирча ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаслигини билдирган. Янги қийматни солиқ базаси сифатида қўллаш масаласи алоҳида кўриб чиқилиши айтилган.

Kun.uz ташкил этган яқиндаги дебатда