Бир ойча муқаддам П.Ф.Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежининг 1999 йилда туғилган, 17 ёшли талабаси Жасурбек Ибрагимов ўзига етказилган жароҳатлар ва ўтказилган мураккаб операцияларга дош бермасдан 1 июнь куни оламдан ўтди.

Жасурбекнинг ота-онаси адолат истаб, барча инстанцияларга мурожаат қилишмоқда, ниҳоят, улар ижтимоий тармоқ орқали юртимиздаги барча оммавий ахборот воситаларининг ушбу фожиага эътибор қаратишларини сўраб, чиқиш қилишди.

Ушбу воқеа юзасидан ички ишлар органларига расман мурожаат қилдик ва расмий жавоб хати олмаган бўлсак-да, жабрланувчи томонининг кўрсатмаларига асосан, воқеа тафсилотларини ўқувчиларимизга ошкор этишга қарор қилдик.

Ўқув даргоҳидан қайтишда ўласи қилиб калтакланган Жасурбек ўз уйига етиб келади ва онасига қўнғироқ қилади. Унинг аҳволини кўрган ота-онаси «Тез ёрдам» машинаси чақириб, касалхонага элтишади.

Касалхонада Жасурбек жонлантириш бўлимига ётқизилади ва кейинги кунлар мобайнида умумий ҳисобда беш марта ички органларида мураккаб операцияларни бошидан кечиради.

Жасурбекнинг бош мияси чайқалган, юз суяклари синган, ўн икки бармоқ ичаги узилган, бутун буйраги шишлар билан қопланган, ошқозон ости бези эзилган ва бошқа органларига ҳам жиддий зарар етказилган экан, ирий бошлагани учун қорин соҳаси мушакларидан бир қисми кесиб олиб ташланади.

Алал-оқибатда етказилган жароҳатлар ҳаёт билан мутаносиб эмаслиги ойдинлашади ва Жасурбек 1 июнь куни вафот этади.

Жасурбекнинг онаси номидан эълон қилинган мурожаатга кўра, 3 май куни ўғлини шу коллежда ўқувчи 6 нафар безори талаба дўппослайди. Улардан 3-босқич талабаси бўлган икки нафари тарбияси бузуқ болалар рўйхатида туришини билдириб ўтади. Жасурбек ўқийдиган коллеждаги бошқа бир талабаларнинг билдиришича, безорилардан бири — И. исмли талаба «ота-онам адвокат, ҳар қанақасига мени жазодан қутқариб қолади, бу биринчи марта эмас», деб ўртоқларига мақтанган.

Воқеа гувоҳи бўлган талабаларнинг айтишича, безорилар гуруҳига аъзо талабалардан бири — У. исмли талаба йўлда кетаётган ўғлимнинг орқасидан билдирмасдан пусиб бориб, уни қаттиқ тепиб йиқитади. Қолганлари эса ёпирилиб келиб, ерда ётган Жасурбекни оёқлари билан аямасдан тепкилашади ва У. ҳолдан тойган ўсмирни телефони ёрдамида видеотасвирга туширади.

2–3 ой илгари гуруҳ Боровский номидаги коллежнинг бошқа бир талабасини ҳам шу тариқа калтаклашган эди, Т. исмли боланинг юзларига жароҳат етказишади, шундан сўнг уни суратга тушириб, анча вақт унинг устидан мазах қилиб, кулиб юришади.