Ўзбекистон | 17:00 / 05.06.2017
100792
2 дақиқада ўқилади

Бош прокурор Иброҳимов ишини шахсан назорат қилмоқда, гумонланувчи қамоққа олинди

Тошкент шаҳридаги  Боровский тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасур Иброҳимовнинг ўлими бўйича жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев томонидан шахсан назоратга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати маълум қилган.

Аввал хабар қилинганидек, 3 май куни П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи 2-босқич талабаси, 1999 йилда туғилган Иброхимов Жасурбек Махаммаджон ўғли тан жароҳати олиб, Тошкент шаҳар 2-сон болалар жарроҳлик шифохонасига ётқизилган ва олган тан жароҳатлари натижасида 1 июнь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Хабарда айтилишича, 4 июнь куни жиноят иши Тошкент шаҳар прокуратураси иш юритувига қабул қилинган. Тўпланган далиллар мажмуи асосида Исломбек Тўлаганов Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган ва унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Айни вақтда жиноятга алоқадор шахслар доирасини аниқлаш юзасидан тегишли тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид