Ўзбекистон | 18:51 / 14.06.2017
12530
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик зиёратчилар Умра амалини бажаришга жўнаб кетишди

13 июнь куни Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти зиёратчиларидан иборат гуруҳлар жорий йил Рамазон ойида умра ибодатини адо этиш учун махсус ташкил этилган чартер рейсларда Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Муборак сафар олдидан ўзбекистонлик зиёратчилар учун Тошкент шаҳридаги “Новза” масжидида ифторлик ва саҳарлик дастурхони ёзилди. Зиёратчиларни Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа мутасадди ташкилот ходимлари кузатиб қўйдилар.

Юртдошларимиз “Умра-2017” Рамазон мавсумида Мадина шаҳридаги “Мавадда Нур” меҳмонхонасида 3 кун бўлиб, бу муддатларда Пайғамбаримизнинг муборак масжидларида зиёрату ибодатларда бўладилар.

Сўнгра, умра амалини адо этиш учун Макка шаҳрига бориб, у ерда беш юлдузли, барча қулай шароитларга эга бўлган “Аброж ал-Меридиан” меҳмонхонасида 7 кун давомида истиқомат қилишлари белгиланган.

Мазкур сафар давомида зиёратчиларимизга ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи, қўли ширин ошпазлар ва малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилади. 

“Умра-2017” Рамазон мавсумида жами 650 нафар фуқароларимиз умра ибодатини адо этишлари режалаштирилган. 

Мавзуга оид