Давлат хавфсизлик хизмати бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда «Умра» зиёратини ташкил этиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларни аниқлади.

Тошкент шаҳрида яшовчи, 1981 йилда туғилган шахс тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда ўзини «Умра» зиёратини ташкил этишга рухсат берилган туристик фирманинг вакили сифатида таништирган.

У уч нафар фуқарони Саудия Арабистонига «Умра» сафарига юбориш ва уларнинг зиёрат амалларини тўлиқ бажаришини таъминлаш эвазига жами 3450 АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс 3400 АҚШ доллари ва 600 минг сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Яна бир ҳолат Фарғона шаҳрида аниқланган. Унда 1998 йилда туғилган шахс ўз танишлари орқали тўрт нафар фуқарони «Умра» зиёратига юборишни ваъда қилиб, бунинг эвазига жами 4200 АҚШ доллари талаб қилган.

У сўралган пул маблағини олаётган вақтда ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланган ва унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.