Ассоциациянинг расмий очилиш тадбири 29 сентябр куни Тошкентдаги Азимут Гранд Ҳотел меҳмонхонасида ўтказилди. Унда Туризм қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, хорижий давлатларнинг элчихоналари ва дипломатик корпуси вакиллари, туризм соҳаси мутахассислари ҳамда халқаро ҳамкорлар қатнашди.

2

Ассоциация фаолиятининг асосий йўналишларидан бири Индонезия, Малайзия ва бошқа мамлакатлардан зиёратчиларни «Умра плюс» дастури доирасида Ўзбекистонга жалб қилишдир. Бунда Умра сафари Ўзбекистондаги тарихий ва диний масканларга ташриф билан бирлаштирилиши кўзда тутилмоқда.

3

Дастур доирасида Тошкент, Самарқанд ва Бухорони ўз ичига олган туристик йўналишлар ишлаб чиқилиши белгиланган. Ҳукумат қарорида Малайзия ва Индонезиядан зиёрат туризми йўналишида 2026–2027 йилларда 100 минг нафар сайёҳ жалб қилиш бўйича йўл харитаси тасдиқланган.

4

Шунингдек, дастур иштирокчилари учун туристик хизматларни ривожлантириш, авиақатновларни йўлга қўйиш ва хорижий туроператорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш назарда тутилган. Масалан, Куала-Лумпурдан Самарқанд ёки Бухоро орқали Саудия Арабистонига боришни ўз ичига олган йўналишлар ҳам кўрсатилган.

5

Бу ташаббус амалда ҳам халқаро ҳамкорлик билан ривожлантирилмоқда. Сентябр ойида Олмаотада «Умра плюс» халқаро туризм ярмаркаси ўтказилиб, 2026 йил охиригача қарийб 10 минг нафар зиёратчини Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича келишувларга эришилгани маълум қилинди.

6


Ўзбекистон ва Малайзия туристик ташкилотлари ўртасида ҳам «Умра плюс» дастури доирасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Унда қўшма лойиҳалар, тажриба алмашиш ва зиёрат туризми йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган.
«Умра плюс» дастурининг ўзи 2026 йил 9 январдаги Вазирлар Маҳкамасининг 6-сон қарори билан ривожлантирилмоқда. Қарорга кўра, 2026 йил якунигача дастур асосида Малайзия ва Индонезиядан сайёҳ жалб қилувчи туроператорларга ҳар бир сайёҳ учун 100 АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилиши белгиланган.

7

Янги ташкил этилган ассоциация эса шу йўналишдаги ишларни халқаро даражада мувофиқлаштириш, хорижий туристик бозорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистонни зиёрат туризмининг муҳим йўналишларидан бирига айлантиришни мақсад қилмоқда.

1
8