Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1956 йилда туғилган мазкур шахс Оқдарё туманида истиқомат қилувчи тўрт нафар фуқарога Умра сафарини ташкил этиб беришни ваъда қилган.

Бироқ унинг бундай зиёратни ташкил этишга ваколати бўлмаган. Хабарда ушбу шахс муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судлангани ҳам қайд этилган.

ДХХ ва Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у талаб қилинган маблағнинг 3 минг долларини олдиндан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

ДХХ фуқаролардан шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда 1520 қисқа рақамига хабар беришни сўраган. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланиши билдирилган.