Жаҳон | 09:38 / 21.06.2017
6970
2 дақиқада ўқилади

Пентагон: Афғонистон толибларга қарши кураш бўйича янги режа ишлаб чиқмоқда

Фото: AP Photos/Massoud Hossaini

Афғонистон ҳукумати “Толибон” ҳаракатига қарши кураш бўйича янги режа ишлаб чиқишни бошлади. У республика қуролли кучларига тааллуқли бўлади. Бу ҳақда “Афғонистонда барқарорлик ва хавфсизликни яхшилаш” ҳар йилги ҳисоботида айтилади. Ҳужжат Пентагон томонидан АҚШ конгрессига юборилди.

"Афғонистон президенти Ашраф Ғани исёнчилик ва террорчилик ҳаракатлари билан курашдаги ташаббусларга оид тўрт йиллик ҳаракатлар режаси, хавфсизлик институтларини қайта ташкил этиш ҳамда мустаҳкамлаш ва афғон ҚКга доир ҳужжатларни ишлаб чиқиш вазифасини топширди, - дея ёзишган ҳужжат муаллифлари. – Йўл харитаси (Ғанининг режаси) ишлаб чиқишнинг бошланғич даврида, бироқ Афғонистон ҳукуматининг катта эътибор қаратаётгани, унга энг йирик режалаштириш дастури мақомини беради".

Кобулнинг режасига кўра, инфратузилма ўзгаради, афғон хавфсизлик кучлари жанговар шайлиги ошади ҳамда республика махсус хизматлари контингенти сони қарийб икки баробарга ошади. Бундан ташқари, ҳарбий қўмондонлик самараси мустаҳкамланади, ҲҲК ва қуруқликдаги қўшинлар салоҳияти оширилади ҳамда ҳокимиятдаги коррупция билан курашиш кучаяди. Хусусан, афғон ҚКда “ҳужум амалиётларини ўтказиш учун шароитлар” яратилиши лозим, яъни “2019 йилда кенг кўламли ҳужум амалиётлари ўтказилиши мумкин”.

АҚШ мудофаа вазирлигида таъкидланишича, Покистон толибларга бошпана беришда давом этмоқда. “Афғонистондаги ҳужумлар афғон-покистон муносабатларини ёмонлаштирмоқда. Сабаби улар Покистон қуролли гуруҳлари билан боғлиқ, - дейилади ҳисоботда. – “Толибон” ва “Ҳаққони” каби гуруҳлар Покистон ҳудудидан бошпана топишда давом этмоқда”.

Мавзуга оид