DW’нинг ёзишича, Франция ички ишлар вазири Лоран Нуньес 2 ноябр куни парламентдаги чиқишида музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган.

«Биз мамлакатда ноқонуний турган айрим афғонларни қайтариш имкониятига эришишга ҳаракат қилмоқдамиз. Гап техник муҳокамалар ҳақида кетмоқда», — дея вазирнинг сўзларини келтирган AFP агентлиги.

Нуньеснинг таъкидлашича, Европанинг бошқа давлатлари, жумладан, Германия ҳам толиблар билан шундай алоқаларни сақлаб турибди.

Асосий эътибор жиноят учун судланганларни қайтаришга қаратилган

Франция «Толибон» 2021 йилда Афғонистонда ҳокимиятни қайта эгаллаганидан кейин тузилган ҳукуматни расман тан олмаган. Икки томон ўртасида дипломатик муносабатлар ҳам мавжуд эмас.

Шунга қарамай, AFP маълумотига кўра, Франция афғон фуқароларини ватанига қайтаришни тезлаштириш тарафдори бўлган Европа Иттифоқининг қарийб 20 давлати қаторига киради. Улар орасида Германия, Белгия ва Швеция ҳам бор.

Бу давлатлар, биринчи навбатда, жиноят содир этгани учун судланган афғон фуқароларини қайтаришга интилмоқда.

Нуньес Францияда бўлиб турган айрим афғонлар «жамоат тартибига таҳдид солиши мумкин»лигини айтган. Шу сабабли уларни депортация қилиш ҳукуматнинг устувор вазифаларидан бири эканини билдирган.

Мухолифат толиблар билан мулоқотга қарши чиқди

Музокаралар Франция мухолифатининг танқидига сабаб бўлган. «Экологлар» партияси депутати Леа Балаж Эл-Марики ҳукуматни толиблар билан «дипломатик муносабатларни нормаллаштириш» жараёнини бошлашда айблаган.

Депутатнинг сўзларига кўра, толиблар «гендер апартеиди» сиёсатини юритиб, инсониятга қарши жиноятлар содир этмоқда. У шундай ҳукумат билан муносабатларни нормаллаштиришга эътироз билдирган.

БМТ мажбурий қайтаришларни тўхтатишга чақирган

Сентябр ойида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Тюрк одамларни Афғонистонга мажбуран қайтаришни тўхтатишга чақирган эди.

У мамлакатда гуманитар инқироз давом этаётгани ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганига эътибор қаратган.