Машина ҳайдаш учун энг хавфли пойабзал қайси эканлиги аниқланди
Ford компанияси қандай пойабзал ҳайдовчилар учун хавфсизроқ эканини аниқлаш мақсадида тадқиқот ўтказди.
Тадқиқотга кўра, фақатгина Буюк Британиянинг ўзида машина ҳайдаш учун пойабзалнинг нотўғри танланиши ҳар йили 1,4 млн та йўл-транспорт ва хавфли ҳодисаларга олиб келар экан. Бу ҳақда Ford тадқиқотига иқтибос келтирган ҳолда Motor нашри хабар бермоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, машина ҳайдашда энг хавфли пойабзал шиппаклар ҳисобланар экан. Бу пойабзал тури оёқдан чиқиб кетиб, педаль остига тушиши мумкин экан. Баъзи давлатларда шиппакларда машина ҳайдаш ҳаттоки қонунан тақиқланган: мисол учун, Испанияда бунинг учун 200 евро, Францияда эса 90 евро жарима солиниши мумкин.
Маълумотларга кўра, оёқда бемалол ўтирувчи пойабзал тормозлаш вақтини ўртача 0,13 сонияга оширар экан. Бу эса 95 км/соат тезликда тормоз йўлининг 3,5 метрга ошишига етар экан. Шунингдек, шиппакларда газ тепкисидан тормоз тепкисига оёқни олиш оддий пойабзалга нисбатан икки марта кўпроқ вақтни, яъни деярли 0,04 сонияни олар экан.