Жамият | 14:34 / 15.07.2017
25470
2 дақиқада ўқилади

Бекободда жиддий автоҳалокат, бир оиланинг 3 аъзоси ҳаётдан кўз юмди

Тошкент вилоятининг Бекобод туманида ҳудудидан ўтувчи “Қорасув-Бўка-Бекобод” йўлининг 76-километрида содир бўлган автоҳалокатда бир оиланинг 3 аъзоси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, шу туманда истиқомат қилган, 1986 йилда туғилган Ж.Ў ишонч қоғози билан бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашинасини ҳайдаб кетаётиб қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган Ж.С бошқарувидаги “Howo” русумли юк автомашинаси билан тўқнашув содир этган. Натижада Ж.Ў ва унинг йўловчиси, бирга яшаган турмуш ўртоғи, 1990 йилда туғилган Д.Ў ҳамда қизи, 2015 йилда туғилган Д.Ғ қаттиқ жароҳат олиб воқеа жойида вафот этганлар.  

Тўқнашув содир бўлган йўналишда ҳаракатланиб келаётган Пискент туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган М.О ишонч қоғози билан бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашинаси ушбу автоҳалокатда бошқарувини йўқотиб йўл четига чиқиб кетиб, ағдарилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид