Олтинсойда содир этилган ЙТҲ юзасидан туман прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда. Сурхондарё вилояти ЙҲХБ ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 18 октябр куни соат 8:20 ларда Олтинсой тумани Янги қурилиш маҳалласида хизмат фаолиятини олиб бораётган ЙПХ инспектори ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан бошқарилаётган ва қонуний тўхташ ишорасига бўйсунмай ҳаракатини давом эттирган Captiva машинаси ортидан хизмат машинасида кузатиб борган.

Шу пайт Captiva ҳайдовчиси малакасизлиги сабабли асосий йўлдан ҳаракатланиб келаётган Gentra машинаси йўлига чиқиб кетиб, ЙТҲ содир этган. Оқибатда, Gentra ҳайдовчиси тан жароҳати олиб, тумани тиббиёт бирлашмасига етказилган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Олтинсой тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Сурхондарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ЙПХ ходимига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Kun.uz аввалроқ ушбу ЙТҲ ҳақида хабар берганди. Gentra ҳайдовчисининг акаси машинада 5 киши бўлганини, жароҳатланганлар ҳолидан ҳеч ким хабар олмаганини, машинага ҳам жиддий зарар етганини айтганди.