Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов Телеграмдаги ўз каналида ажойиб пост қолдирди. Унда Зафар Ҳошимов гувоҳ бўлган воқеа ва бу ҳодиса таъсирида ёдга олинган хотиралар ўз ифодасини топган. Қуйида ушбу пост тўлалигича ҳавола этилади.

Кеча Бухородан учиб кетар чоғимда ғамгин ва қалбни ларзага солувчи воқеага гувоҳ бўлдим. Она ва 6-7 ёшли икки болакай оила бошлиғини Домодедово рейси томон кузатишарди. Англашимча, ота меҳнат қилиб пул ишлаш мақсадида жўнаб кетаётган эди. Ўрта бўйли, оддий чит кўйлак, сариқ чармли пойабзал кийиб олган, кафтида бироз ғижимланган рўмолчани маҳкам ушлаб олган аёл эса ҳар қанча ўзини тутиб, турмуш ўртоғига далда бериш учун жилмайишга ҳаракат қилмасин, офтобда қорайган ёноқларидаги кўзёшлар унинг ички кечинмаларини сотиб турарди. Ҳеч ким кўрмаслиги учун қўлидаги рўмолча билан уларни тез-тез артарди. Болалар ҳали ушбу ҳодиса моҳиятига тўлиғича етмасада, оила учун муҳим бир воқелик содир бўлаётганини англаб турардилар. Юз ифодалари жиддий, қиёфалари мардона бўлсада, кўзларида чексиз ғам гавдаланарди.

Нисбатан каттароқ кўринган ўғил (ёши 7-8 дан ошмагани аниқ) отасига "Биздан ҳавотир бўлманг, дада", дея дадил бош қимирлатди. Хайрлашиб бўлгач, эркак аэропорт ҳудудидаги чегара будкасидан ўтиш учун кириш томон йўналди. Бу ерда милиция ходимлари бирма-бир синчиклаб тафтиш қилиб, ҳужжатларни текшириб, фақатгина йўловчиларни ўтказишар эди. Яна икки-уч қадам юргач, эркак қўққисдан тўхтаб, бир он қотиб турди. Катта спорт сумкасини ерга ташлаб бир зумда ортга бурилиб югурди. Икки ўғлининг ёнига етиб даст кўтариб, маҳкам бағрига босди. Аёл эса бурчагидан пушти гулча кўриниб турган оқ рўмолчасини ғижимлаб икки кафти билан юзини ёпди. Бирор сас чиқмасди. Шундагина оила бошлиғининг юзини кўришга илк бор муяссар бўлдим. Юмалоқ, офтобда қорайган, меҳрибон ва шу билан бирга жуда мардона чеҳра. Ота ўғилларининг юзларини ёноғига босиб кўзларини қаттиқ юмди. У атиги бир неча сония давом этган ҳолатни хотирасига муҳрлашга интилгани сабабми, мен учун айни лаҳзалар тўхтаб қолгандек туюлди.

Фарзандларини бағридан олиб ерга туширгачгина қизариб кетган кўзларига разм солдим. Ана шу нигоҳлар билан рафиқасига қараб, тортинибгина унга қўлини чўзди. Улар ҳадиксираб ниҳоятда таъсирли кўринишда қўл ушлашди. Қуйилиб келаётган ҳиссиётлар бўрони қанчалик кучли бўлмасин, ёш ота-она ўғиллари қаршисида ўта хаёли, покиза бир ҳолатни намоён қилишди. Шу тарзда улар хайрлашдилар. Ота шунда яна ортга бурилиб ердаги оғир юкини қўлига олди-да, бирор марта орқасига қарамасдан будкадан ўтиб шиддатли қадамлар билан аэропорт ичкарисига интилди. Оила эса эркак кўринмай кетганидан кейин ҳам бир зум қимирламай унинг изига тикилиб турар эди.