Ичери шеҳер (Эски шаҳар, Ичкари шаҳар) - Озарбойжондаги шаҳар ичидаги шаҳарча. Бу ерда кўплаб тарихий обидалар қаторида 18 меҳмонхона, 100 га яқин савдо растаси фаолият юритади, шунингдек 1300 дан зиёд оила истиқомат қилади. "Кун.уз" мухбири Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази ва Халқаро Евроосиё матбуот фонди (International Eurasia Press Fund) ташаббуси билан мазкур тарихий масканида бўлиб, унга доир маълумотлар ва суратлар билан бўлишди.

Минг йиллик тарихга эга Ичери шеҳер Ширвоншоҳлар давлати пойтахти ҳисобланади. Шу билан бирга шаҳар Яқин Шарқнинг энг қадимий иқтисодий ва маданий маркази ҳамдир.

Майдони 22 гектардан иборат Ичери шеҳер ҳудудида юзлаб тарихий ёдгорликлар мавжуд. Улардан 28 таси давлат даражасидаги, 3 таси дунё миқёсидаги аҳамиятга эга.

Тарихий-меъморий ёдгорлик Баку шаҳрининг Сабаил тумани ҳудудида жойлашган. Ичери шеҳер баландлиги тахминан 8-10 метрни ташкил қилувчи қалъа деворлари билан ўралган.
1977 йилда Ичери шеҳерга Тарихий-меъморий ёдгорлик мақоми берилди, 1985 йилда эса у Давлат тарихий-меъморий ёдгорлиги деб эълон қилинди. 2005 йилнинг 10 февралида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев томонидан Республика Вазирлар Маҳкамаси қошида "Ичери шеҳер" Давлат тарихий-меъморий ёдгорлиги бошқармасини ташкил қилиш тўғрисидаги фармон имзоланди. Бугунги кунда бу ажойиб масканнинг бой маданий мероси тадқиқоти ва тарғиботи учун мазкур бошқарма масъулдир.
2000 йилда Ичери шеҳер Қиз қалъаси ва Ширвоншоҳлар сарой мажмуаси билан бирга ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди.





