Жаҳон | 11:45 / 03.08.2017
27833
3 дақиқада ўқилади

Медведев: АҚШ билан муносабатларни яхшилашга бўлган умидлар буткул сўнди

Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг фикрича, АҚШ санкциялар ҳақидаги янги қонуни орқали Россияга тўлақонли савдо уруши очди. У Россия ҳукумати энди Вашингтон билан муносабатлар яхшиланишига умид қилмаслигини билдирган.

«Биринчидан, америкаликларнинг янги маъмурияти билан муносабатлар яхшиланишига бўлган умидларимиз сўнди. Иккинчидан, Россияга савдо уруши очилди» , - дея ёзган Медведев Фейсбукдаги саҳифаси орқали.

Бош вазирнинг фикрича, АҚШ президенти Доналд Трампнинг маъмурияти «энг шармандали кўринишда» ўз ваколатини конгрессга топширди.

«Америкаликлар муассасалари Трампни енгди. Президент янги санкциялардан хурсанд эмас, аммо у қонунни имзоламасликдан бошқа иложи қолмади. Янги санкциялар мавзуси Трампга ўз жойини кўрсатиб қўйишларидан даракдир. Олдинда ҳали янги юришлар бор, асосий мақсад эса - уни ҳокимиятдан четлатиш. Тизимга мос бўлмаган ўйинчи йўқ қилинади», - деган у.

Трамп Россияга қарши янада жиддий санкциялар ҳақидаги қонунни имзолади

2 август куни Трамп Россияга қарши санкциялар юзасидан янги қонунни имзолади. Шу билан бирга у бу қонун имзоланишида конституцияга зид ҳолатлар бўлганини қайд этди.

«Эрон, Шимолий Корея ҳамда Россиянинг тажовузкор ва беқарорлаштирувчи ҳаракатларини жазоловчи ва тутиб турувчи қатъий чораларни қўллаб-қувватласам ҳам, бу қонун жуда нуқсонлидир. Қонун лойиҳасини тезроқ қабул қилишга интиларкан, Конгресс унга бир қатор конституцияга зид ҳолатларни киритди», деган у.

Америкаликлар конгрессининг икки палатаси ҳам ўтган ойдаёқ ушбу қонун лойиҳасини маъқуллаганди.

Қонундаги асосий жиҳатлардан бири - президентни Россияга қарши санкцияларни мустақил равишда бекор қилиш ваколатидан маҳрум қилишдир.

Эндиликда қўлланган санкцияларни бекор қилиш учун президент ўз асослари баён қилинган сўровни икки палата қўмиталарига киритиши керак бўлади, конгрессменлар 30 кун ичида жавобини билдиради.

Песков: АҚШ санкцияларига Россия томонидан янги чоралар кўрилмайди

Санкция моҳияти

Ушбу қонун Қрим Россияга қўшиб олиниши ва Донбассдаги воқеалар ортидан 2014 йилда қўлланган санкцияларни тўлдиради ва умумлаштиради.

Кўплаб экспертларнинг фикрича, янги санкциялар тўғрисидаги қонун АҚШ ёки Ғарбдаги бошқа молия ташкилотлари ёки компаниялар Россиядан узоқлашишига олиб келади.

Ҳужжатда президентдан санкцияларни бекор қилиш ваколатини олишдан ташқари, соҳавий санкциялар кўзда тутилган. Хусусан, у Америка санкциялари рўйхатига киритилган Россия банкларини молиялаштиришнинг энг юқори муддатини имкон қадар қисқартириб, 14 кунга туширади. Нефтегаз соҳасини молиялашни 60 кунгача қисқартиради. Қолаверса, бу санкциялар технологик чекловларни ўз ичига қамраб олган.

Қонунда Путин номи бир неча марта эсланган.

Иккинчи совуқ уруш нафаси: Путин жавоб юришини амалга оширди

Мавзуга оид