РФ Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев Вилнюсда ядро қуролини жойлаштиришга қўйилган тақиқни бекор қилиш бўйича таклифлар муҳокамаси фонида Литванинг «дунё харитасидан йўқ бўлиб кетиши» билан таҳдид қилди.
Медведевнинг фикрича, Россия Литвага зарба берадиган бўлса, унинг НАТОдаги иттифоқчилари алянс низомининг Коллектив мудофаа тўғрисидаги бешинчи моддасини эътиборсиз қолдиради.
«Ҳеч ким уларнинг ёнини олмайди. Ҳатто у ерга ўт қўйиб юборилса ҳам, ҳеч қандай мамлакат улар учун жанг қилмайди. Шимолий Атлантика шартномасининг машҳур Бешинчи моддаси ҳам қўлланмайди, буни барча тан олади. Чунки агар у ишга туширилса – бу глобал, сайёравий фалокат бўлади. Улар аҳмоқ эмас. Аммо Литва дунё харитасидан йўқ бўлиб кетади», – деган у Шимоли-ғарбий федерал округ ҳарбийлари билан мулоқот чоғида.
Литва мудофаа вазирлиги июн ойи бошида АҚШ билан ўз ҳудудида ядро қуролини жойлаштириш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилганди. ОАВ маълумотларига кўра, гап Американинг ядровий каллакларни олиб юришга қодир бўлган бомбардимончи самолётлари ҳақида кетмоқда.
Литва конституциясининг амалдаги таҳририда мамлакат ҳудудида ялпи қирғин қуроллари ва хорижий ҳарбий базаларни жойлаштириш тақиқланган. Бир кун аввал Литва парламенти (сейм) спикери Юозас Олякас депутатлар «геосиёсий реалликка мос келмайдиган» бу тақиқни бекор қилишга тайёргарлик кўраётганини айтди. Бунинг учун сейм ҳатто кузги сессияни январгача узайтиришни режалаштирмоқда.
РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Вилнюснинг ҳаракатларини «кескинлик нуқтайи назаридан жуда жиддий бурилиш» деб атади ва «бу қурол, шубҳасиз, Россияга қаратилгани» учун Литва ҳудуди ҳам «Россия ядро қуроли нишонида туриши»ни таъкидлади.
Владимир Путиннинг ўзи эса «Европа элиталари» нима деяётганидан қатъи назар, Россия Европа давлатларига таҳдид қилмаётгани ва таҳдид қилмоқчи эмаслигини айтди.
«Биз Европа мамлакатларига таҳдид қилмаймиз, таҳдид қилмоқчи ҳам эмасмиз. Нима учун? Ахир ҳеч ким Европа билан қандайдир можаро учун асосимиз йўқлигини ўйлаб ҳам кўрмайди. Барча масалалар Иккинчи жаҳон уруши натижаларига кўра ҳал қилинган», – деди Путин. У фақат Европа ҳарбий контингенти Украинага жойлаштирилишигина «Россия билан уруш»ни англатишини қайд этган.















