Маълумки, ўзгаришлар даврида таълим тизими ижтимоий жараёнлардан келиб чиққан ҳолда шиддат билан ривожланишни тақозо этади. Таълим орқали жамиятда келажакдаги вазифаларни бажаришга қодир бўлган янги авлод шакллантирилади.
Шуни инобатга олган ҳолда умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг ҳар томонлама пухта билим олиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 16 июнь куни Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Учтепа туманига ташрифи чоғида мактаб билан коллежлар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш ва тажриба сифатида 11 йиллик умумий ўрта таълимни тиклашга қаратилган ташаббуслари кенг жамоатчилик ва ота-оналар томонидан юксак баҳоланди.
Шунингдек, Президентимиз ташаббуслари билан 9-синфни битирган ўқувчилар, ота-оналар ва ўзларининг хоҳишларига биноан, онгли равишда касб-ҳунар коллежи, академик лицей ёки ўзлари таълим олган мактабларда мажбурий таълимни давом эттиришлари мумкин эканлигининг белгилаб қўйилиши ёшларга ҳар томонлама қулайликлар яратди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар натижасида улкан иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришилмоқда бу ҳолат малакали кадрлар ва етук мутахассиларга бўлган талабнинг янада ошиб боришига туртки бўлмоқда.
Бундай талабнинг қондирилиши ўз навбатида ёшлар ўртасида китобхонлик ва дарсларга қизиқиш хусусиятини ошириш ва ўқитувчиларнинг ҳар томонлама таълим тарбияга эътиборини кучайтиришнинг замонавий ижтимоий инновациялар орқали амалга ошириш эҳтиёжини вужудга келтирмоқда.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассислари айнан мана шундай талабларнинг бугунги кун таълим тизими учун жуда муҳим эканлигини инобатга олган ҳолда аксарият хорижий давлатларда таълим ва фан соҳалари ривожланишини баҳолаш ва мониторинг қилиш орқали таълим сифатини оширишга қаратилган айрим илғор тажрибаларни ўрганиб чиқди.
Хусусан, дунёда таълим сифати, савияси ва даражасини аниқлаб берувчи PISA (Ўқувчиларни таълимдаги ютуқларини баҳолаш халқаро дастури), PIRLS (Матнни ўқиш ва тушуниш даражасини аниқловчи халқаро тадқиқот), TIMSS (Мактабда математика ва аниқ фанлар сифатини тадқиқ қилувчи халқаро мониторинг) каби бир қатор халқаро дастурлар мавжуд бўлиб, улар ривожланган давлатлардаги таълим сифатини янада оширишдаги мезон сифатида кенг қўлланилиб келинмокда.















