Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилиши лойиҳаси доирасида баландлиги 122 метр бўлган кўприк қурилмоқда.

Кеч-Олот дарёси устидан ўтувчи кўприкнинг умумий узунлиги 956,67 метрни, энг баланд таянчининг баландлиги 96 метрни, кўприкнинг умумий баландлиги эса 122 метрни ташкил этади.

Хабар қилинишича, айни пайтда кўприк пойдеворини қуйиш ишлари тўлиқ якунланган. Таянч ва устунларни қуриш ишлари эса 54 фоизга бажарилган.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Шинжон-Уйғур мухтор вилоятидаги Қашғардан бошланади ва Торугарт довони орқали Қирғизистонга киради. Сўнгра эса ғарбга қараб йўналади ва Ўзбекистон шарқидаги Андижон шаҳрида тугайди. Темирйўлнинг умумий узунлиги 500 километрдан ошади, шундан 304,84 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат орқали юкларни транзит қилиш ҳисобига бюджетга камида 400–500 млн доллар соф даромад тушиши мумкинлигини айтганди.