Medium фойдаланувчиси Мелисса Чу барча имкониятлар бўлса-да, муваффақиятга эришишга нима халақит бериши ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Мен узоқ вақт давомида ақлли инсон қулай муҳитга тушиб, астойидил ишласа, эртами-кечми муваффақиятга эришишига ишонар эдим. Мен бундай инсонларга қараб, "У бир куни албатта қандайдир кашфиёт қилади", деб ўйлаб қолардим.

Бироқ тажрибам ошгани сари, ҳар доим ҳам бундай эмаслигини тушуниб етдим. Менинг баъзи танишларим - ақлли ва масъулиятли кишилар - чиндан ҳам ҳақиқий муваффақиятга эришишган. Аммо, афсуски, нима қилишни билмай, шунчаки оқим бўйича сузаётганлар ҳам талайгина.

Шунда мен муваффақиятга жуда кўп омиллар таъсир қилишини англаб етдим: албатта, ақл ва меҳнатсеварлик ҳам ўз ҳиссасини қўшади, бироқ бу билангина чекланиб бўлмайди.

Қуйида нима учун ақлли ва меҳнатсевар бўла туриб, муваффақиятга эриша олмасликнинг етти сабаби келтирилади.

 

1. Янги алоқалар ўрнатмайсиз

Сизга эски мулоқот доирангиз турганда кўпинча бошқа ҳеч ким керак эмасдек туюлади. Бир-бирингизни яримта сўзданоқ тушунасиз ва фақатгина ўзингизгагина тушунарли бўлган ҳазил-мутойибалар устидан кулишингиз мумкин.

Бироқ бир муаммо бор: эски дўстлар давраси билан чекланиб қолсангиз, бир хил ғояларни қайта ишлайверасиз. Сиз ўз доирангиздан ташқарида нималар бўлаётганини билиш имконига эга бўлмайсиз.

Дастлаб янги танишларни излаш қийин ишдек туюлиши мумкин, лекин кичик қадамдан бошлаш мумкин - масалан, ҳафтасига биттадан янги таниш орттириш.

"Орзуингизга эришиш учун курашишингиз керак. Унинг учун ниманидир қурбон қилишингиз ва тинмай ишлашингиз керак", - дейди Леонель Месси.

 

2. Ўзгаришларни ёқтирмайсиз

Узоқ вақт давомида бир муҳитда қолиб кетсангиз, бу сизнинг нотаниш нарсаларга мослашиш қобилиятингизни пасайтиради. Бироқ ўзгаришлар ўзи билан доим янги имкониятларни олиб келади.

Ўзгаришларга қаршилик қилиш ўрнига, ўйлаб кўринг, улардан қандай фойда олиш мумкин. Эҳтимол, сиз бозордаги янги ўринни тўлдирарсиз ёки ўз вақтида салоҳиятли лойиҳага киришарсиз.

Янги ғоялар учун очиқ бўлинг ва атрофингиздаги дунёга олимларча қизиқиш билан қарашга уриниб кўринг.