Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарорини имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 2017 йил 11 августдаги ПФ-5148 сонли Фармони асосида матбуот ва оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа, кутубхоначилик, ахборот-ресурс соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, мавжуд ҳуқуқий-норматив ва моддий-техник базани такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, бошқарувнинг бозор муносабатларига хос усулларини кенг қўллаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармаларининг тузилмалари 3- ва 4-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорига зарур ҳолларда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармалари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тузилмаларига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
2. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармаларини сақлаш, шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги ташкилотларнинг шартнома асосидаги ажратмалари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини сақлаш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши инобатга олинсин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармалари, Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти давлат корхонаси давлат кўчмас мулки объектларида ижара тўловисиз жойлаштирилади;









