Замонавий маҳалла гузари. Бугун бу ҳақда кунора оммавий ахборот воситаларида, одамларнинг суҳбатларида кўп эшитяпмиз. Бу яхши, албатта. Аммо айни масала борасида маълум дилхираликлар ҳам кузатилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, “Белариқ” маҳалла фуқаролар йиғини, Аския кўчаси, 28- ва 30-уйларда истиқомат қилувчи аҳоли бугун кўп қаватли уйлар орасида бунёд этилиши кутилаётган замонавий маҳалла гузари қурилишидан норози. Йўлланган мурожаатни ўрганиш учун баён этилган манзилга бордик. Мурожаат йўллаган аҳоли вакиллари билан учрашдик, вазиятни ўз кўзимиз билан кўрдик.
Фуқароларнинг сўзларига кўра, улар маҳалла гузари қурилиши мўлжалланган жойдаги болалар майдончаси, автотураргоҳ, кичик гулзорни ўз ҳисобларидан барпо этишган. Шунингдек, бу ерда икки уйда яшовчилар Наврўз байрами, турли хил туғилган кунлар ва бошқа тадбирларни ҳам ўтказишар экан.
- Жорий йилнинг март ойидан бошлаб қандайдир кишилар бу жойга маҳалла қўмитасидагилар билан келишди. Улар “Биз сизларнинг ҳовлингиз қандай намунали эканини” кўрсатмоқдамиз, дейишди. Биз нимадандир гумонга бориб жамоавий хат тайёрладик ва уни маҳалла қўмитасига юбордик. У ерда “Нега бу ерда кишилар юрибди?”, “Нима қилмоқчисизлар, тушунтириш беринг?”, деган саволлар бор эди. Жавоб олганимиз йўқ. Апрелда хатни юборгандик. 20 июль куни кечқурун эса қандайдир кишилар қозиқларни қоқишни бошлашаётганини кўрдик. Бундан ташқари, қандайдир видеосъёмка ҳам қилинди. Биз чиқиб “Нима гап?” деб сўраганимизда, “Боринглар бу ердан, халақит берманглар”, дейишди. Ҳеч бўлмаса ҳужжатларни кўрсатинглар, десак, уни ҳам, ўзлари билан бирга бўлган режани ҳам тақдим этишмади. Кечқурун ҳоким ўринбосари Ҳусниддин Зухуров келиб, эртага эрталаб соат 7.00да сизга барчасини тушунтириб бераман, деди. Эртаси куни, 21 июлда соат 7.00да маҳалла қўмитасига борсак, ҳеч ким йўқ. Кейин маҳалла раиси келиб, ҳоким ўринбосари кечроқ келишини айтди. Тушликка яқин ҳоким ўринбосари ва 30 га яқин оддий ишчилар келиб, қозиқ қоқишни бошлашди. Яъни, бизни бу ерда нима бўлаётгани ҳақида умуман огоҳлантиришмади. Болалар майдончасини ёпиб қўйишганидан сўнг табиийки фуқаролар чиқиб, ўзингизни таништиринг, деб сўрашни бошлашди, - дейди маҳалла фуқаролари.

Тасодифни қарангки, аҳоли билан суҳбатимиз устига бир неча кун аввал бизни ушбу туманнинг “Муҳандислар” маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишларини билан таништирган туман ҳокими ўринбосари Ҳусниддин Зуфаров келди. Суҳбатга қўшилган туман ҳокими ўринбосари аввал бизга вазиятни тушунтиргандай бўлди, кейин эса аҳоли билан баҳслашишга киришди. Сўнг нима учун келганини маълум қилди. Яъни 28-ва 30-уйлар орасида қурилган автомобиль тураргоҳларни бузиш учун ишчи ходимлар билан келган. Бу хабар аҳолининг янада норозилигига сабаб бўлди.

















