Ўзбекистон Футбол Федерациясининг янги раҳбарияти мамлакатда футболни тубдан ислоҳ қилишнинг янги режаларини ишлаб чиқмоқда. Федерация президенти Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи 2018-2022 йилларга мўлжалланган ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш асносида футболни кўтариб турадиган тўртта асосий тамойилга эътиборни кучайтиради.

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг 12 сентябрь куни бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов конференциясида ташкилотга янги президент этиб сайланган Умид Аҳмаджонов мамлакат футболини биргаликда кўтаришига умид билдирган эди:

“Ишончингиз учун миннатдорчилик билдираман. Худо хоҳласа кейинги халқаро мусобақаларда ва Олимпия ўйинларида биргаликда, маслаҳатлашган ҳолда, ўзбек футболини кўтаришга ваъда бераман. Бундан буён муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ва халқимизни хурсанд қилиб, футболимизни биргаликда кўтарамиз деган умиддаман”.

ЎФФ Президентининг футболни кўтариш ҳақидаги нутқида футболни ривожлантиришнинг 4та устунини кўриш мумкин.

Биринчи устун бу мусобақалар бўлиб, ЎФФ байроғи остидаги мусобақалар ўтказилиши савиясини ОФК стандартлари ҳолатига олиб келиш, терма жамоаларнинг халқаро мусобақалардаги иштирокини янги босқичга олиб чиқиш бирламчи вазифа қилиб қўйилади.

Иккинчи устун техникавий ривожлантириш масалалари бўлиб, унга болалар ва ўсмирлар, оммавий футбол, аёллар футболи, футзал ва пляж футболини ривожлантириш, мураббийларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби вазифалар киради.

Учинчи устун ПФЛ ва ҳудудий федерациялар фаолиятини кучайтириш. Унда асосий эътибор, футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати ва биринчилиги мусобақаларини ўтказиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ЎФФнинг аъзолари ҳисобланган 14та ҳудудий федерациянинг мамлакат футболини ривожлантиришдаги роли ва дахлдорлигини оширишга қаратилади.

Тўртинчи устун эса, халқаро муносабатлар бўлиб, бу жабҳада асосан ФИФА, ОФК, УЕФА ва бошқа конфедерациялар, ҳудудий федерациялар, миллий федерациялар билан ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини кучайтириш, муваффақиятли синовдан ўтган халқаро тажрибаларни ўзлаштириш масалаларига эътибор қаратилади.