Mara Salvatruche, қисқача қилиб айтганда МS-13. Бу дунёдаги энг ваҳший тўдалардан бири. Америка фильмларида улар ҳақидаги эпизодларни кўп учратамиз. Бу шунчалик даҳшатли тўдаки, унга «Ал Қоида»дан ҳам ёмонроқ деб таъриф беришади. РИА Новости АҚШда тарқалган ва террорчилик ташкилоти деб таъкидланадиган МS-13 ҳақида материал тайёрлади.

Уларнинг ҳаётдан мақсади битта – йўлларида чиққанга даҳшат солиш. Ҳозирда бу газандалар гуруҳи АҚШнинг 42та штати ва Лотин Америкасининг баъзи давлатларида «фаолият юритади». Унга ҳар хил маълумотларга кўра, 70 мингдан 100 минг кишигача аъзо бўлган. Асосий даромад манбаи Мексикадан ноқонуний олиб ўтиладиган наркотиклар савдоси. Тўданинг асосий мақсади пул топиш эмас. Уларнинг одам ўлдиришда бир неча хил «имзо»лари бор. Энг асосийси эса… Улар кўпчилик қурбонларининг танасига 13 марта пичоқ санчишади. Ўлдирилган одамнинг яқинларига шу тариқа ўзлари билан ўйнашмаслик керак эканини англатишади.
МS-13 атамасидаги 13 сони бу лотин алифбосида «М»нинг 13-ўринда жойлашгани билан боғлиқ. «Mara» тўда дегани, умуман олганда, Mara Salvatruche «сальвадорлик чумолилар тўдаси», деган маънони билдиради. Ҳа, ташкилотга Сальвадордан келган муҳожирлар асос солишган.

Наркотик савдосидан ташқари бу газандалар одам савдоси билан ҳам шуғулланади. 2002 йилда МS-13 томонидан қилинган қабиҳлик барчани ларзага солганди. Ўшанда террорчилар икки нафар ногирон қизнинг номусига тегишади. Қизлардан бири ногиронлик аравачасида бўлган, иккинчисининг эса қулоғи эшитмасди. Машҳур бўлиш учун улар мана шундай ифлосликларга қўл уришади.
Тўданинг ўлмас қоидаси бор – чўқиндингми, ўласан! Бу қоида ҳеч қандай истисносиз амал қилади. Бу гуруҳга қўшилмоқчи бўлган одамларни ўзига хос тарзда синовдан ўтказишади. Янги келганни 13 сония давомида барча савалайди, агар чидаса, навбатдаги босқичга ўтишади. У тўдага қўшилиши учун бирор кишини ўлдириши керак бўлади. Тўдага ҳар хил ёшдан қабул қилишади, баъзида 8 ёшли болаларни ҳам. МS-13 ҳеч қандай аниқ раҳбар ва структурага эга эмас. Уларнинг шиори эса қуйидагича: «Ўлдир, зўрла, бошқар».



















