09:00 / 24.09.2017
8690

"Мария" довули энг йирик телескоплардан бирига шикаст етказди

Фото: Аресибо

"Мария" довули Пуэрто-Рикодаги "Аресибо" радиотелескопининг 29 метрлик радар антеннасини ўртасидан чўрт синдириб юборди. Бунинг оқибатида антенна бўлаклари телескопнинг бош ва қўшимча ойнасига шикаст етказган. 

Телескоп довул яқинлашаётгани сабабли 19 сентябрда ўчириб қўйилган. Кузатувларни 21 сентябргача тўхтатиб туриш, 27 сентябргача эса телескопни ташрифлар учун ёпиш режалаштирилганди.  

21 сентябрда обсерватория ходимлари довул етказган зиённи баҳолай бошлашган. Телескоп ишини агар у кам шикастланган бўлса, 29 сентябргача бошлаш режалаштирилганди. Бироқ энди унинг қачон ишга тушиши муддатлари ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. 

Ушбу 300 метрлик радиотелескоп Хитойда улкан ўлчамдаги FAST антеннаси қурилишидан олдин дунёдаги энг катта радиотелескоп ҳисобланар эди. "Аресибо" узоқда жойлашган само жисмлари ва Ер яқинидаги хавфли астероидлар ортидан кузатув олиб боришга мўлжалланган.

Top