Бир гуруҳ ўзбекистонликлар мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллади. 

Ҳурматли Президент, биз, Ўзбекистон фуқаролари, юртимизнинг келажагини, элимиз манфаатларини ўйлайдиган, тарихимиз, тилимиз ва миллий қадриятларимизга бефарқ бўлмаган ватандошлар, Сизга жамиятимиз учун жуда муҳим бўлган бир масала бўйича мурожаат этмоқчимиз.

2017 йил 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн биринчи ялпи мажлисида Тошкент вилоятидаги Тўйтепа шаҳри номини Нурафшон деб ўзгартириш қарори қабул қилинди. Бироқ на «ЎзА» ахборот агентлиги берган бу хабарда, на бошқа оммавий ахборот воситаларида шаҳар номини ўзгартиришга асос бўлган сабаблар кўрсатиб ўтилди.

Олий Мажлис Сенати аъзоларини халқ сайлайди, шундай экан, улар халқнинг фикрини ўрганишлари, ҳар бир қарори учун эл олдида ҳисобот беришлари керак. Бу Конституциясида демократик тамойиллар эълон қилинган ва улуғланган давлатимиз қонунларига ҳамда сиз бошлаб берган «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» сиёсатига уйғун.

Бироқ сенаторлар бутун бошли шаҳарнинг номланишини халқ муҳокамасидан ў​тказмасдан, одамларнинг фикрини ўрганмасдан ў​згартириши ва энг ҳайрон қолдиргани - бундай  ўзгариш сабаблари маълум қилинмагани уларнинг «халқ билан мулоқот» тушунчасини яхши ў​злаштирганликларига шубҳа уйғотади.

Биз, ўзбеклар, жуда бой ва фахрланса арзийдиган тарихга эгамиз, азалдан элимиз томонидан қўллаб келинаётган ҳар битта жой номи ҳам тарихимизнинг ажралмас бир қисми. Шундай экан, нима асосда томирлари узоқ ўтмишга, Қорахонийлар давлати даврига (10-12 асрлар) бориб тақаладиган тарихий ном сийқаси чиқиб кетган, ўзбек эли ва ўзбек тарихи учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган форсча «Нурафшон» сўзига алмаштирилди? Бу тарихимизга ҳурматсизлик эмасми?!

Тў​йтепа шаҳри номи «Нурафшон»га ўзгартирилиши кўпчилик томонидан салбий қарши олинганини ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларда кўриш мумкин. Бунинг сабаблари юқорида келтириб ўтилди. Бундай ўзгариш Тўйтепа Тошкент вилояти марказига айланиши билан боғ​ланмоқда. Тўйтепанинг мақомини ошириш, уни янада ривожланган ва муҳим шаҳар қилиш ташаббусингиз, албатта, жуда яхши. Биз сизнинг, ҳурматли Шавкат Мирзиёев, бу ажойиб, юртимизга, элимизга фойда келтирадиган тадбирингизни чин юракдан қўллаб-қувватлаймиз. Бироқ, бу шаҳарни ​ў​збекистонликлар билан Тўйтепада яшовчилар эски замонлардан бери айнан «Тўйтепа» деб билар экан, халқимизнинг кўпчилиги вилоят маркази барчага таниш ва қадрли, чиройлигина, асл ўзбекча тарихий номига эга бўлишини истаб қолардик. Чунки, қайси миллат ўз тарихи билан узвий боғланган бў​лса, ўша ўсади, ривожланади, дунё тараққиётида ўз муносиб ўрнини эгаллайди. Азалдан сақланиб келадиган жой номлари эса тарихий хотиранинг ташувчилари, тарих шоҳидларидир.