Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Қомуси»ни нашр этиш тўғрисида»ги 306-сонли Қарорига асосан «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти томонидан 1997–2005 йиллар мобайнида «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»нинг 12 та жилди (1–11-жилдлари кирилл алифбоси тартибида, 12-жилди Ўзбекистон Републикасига бағишланган) нашрга тайёрланиб, чоп этилган эди. Ижодий жамоанинг кўп йиллик машаққатли меҳнати самараси ўлароқ юзага келган мазкур миллий қомусимиз юртимиз маънавий ҳаётида жуда катта воқеа бўлганди.

Энциклопедия, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, мустақил мамлкатнинг паспортидир. Яъни ҳар қайси давлатнинг миллий энциклопедияси ўша юртнинг қудратидан, илм-фан соҳасига нечоғли эътибор беришидан, тарихи, санъати ва маданияти, илмий салоҳиятидан дарак берувчи кўзгудир.

Универсал энциклопедияни ҳамма давлатлар ҳам нашр эта олмайди. Шу боис дунёда энциклопедия нашр этадиган давлатлар унчалик кўп эмас. Халқаро доираларда универсал энциклопедиялардан Буюк Британиянинг «Британника» («Британия энциклопедияси»), Франциянинг «Катта Ларусс», Германиянинг «Катта Брокгауз» энциклопедиялари эътироф этилади.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчи бўлиб нашр этилган кўп жилдли миллий энциклопедиямизда Ўзбекистоннинг энг қадимги даврларидан ҳозиргача маълум бўлган тарихи, маданияти, табиати, иқтисодиёти, фани, адабиёти ва санъати, меъморлиги, инсоният тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз, эътиборга лойиқ ютуқларга эришган турли соҳа вакиллари, давлат арбобларининг ҳаёти ва фаолияти, шунингдек, жаҳон мамлакатлари ва халқлари тарихи, маданияти, дунё эътироф этган буюк олимлар ҳақида кенг маълумотлар берилган.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси китобсевар халқимиз томонидан қизғин кутиб олинди. Миллий қомусимиз универсаллиги ҳамда маълумотлар қамрови кенглиги боис китобхонларга ҳар томонлама манзур бўлди. Айниқса, ўқувчи-талабалар, муаллимлар, тадқиқотчилар, умуман, қизиқувчан китобхонлар учун зарур маълумотларни излаб топишда қулай кўмакчи манбага айланди.

Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунини бажариш мақсадида 1995 йил 24 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги 339-сонли Қарори эълон қилиниши муносабати билан мамлакатимиз таълим тизими ва бошқа соҳаларга янги ўзбек алифбоси жорий этилди.

Ҳозирда 22 йилдан буён лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосида савод чиқарганлар юртимиз аҳолисининг кўпчилигини ташкил этади. Янги алифбода чоп этилган нашрларга бўлган эҳтиёж кундан кунга ошиб боряпти. Республика жамоатчилиги, айниқса, ёш авлоднинг тарихимиз, маданий меросимиз ва бошқа ижтимоий соҳалар бўйича лотин алифбосидаги қомусий адабиётларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»нинг 2-нашрини лотин алифбосида тайёрлаб чоп этиш зарурати туғилди.