Советлар Иттифоқи давридан кейинги Марказий Осиё, баҳсли чегаралар билан ажратилган ва кўпинча рақобат қилувчи давлатлар минтақаси бўлгани ҳолда, бугун аввалги зиддиятларни бартараф этиш ҳамда бу ерда ўн йиллаб кузатилмаган ҳамкорликнинг янги даражасини ўрнатиш томон ҳаракатланмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетасида 5 октябрь куни эълон қилинган мақолада сўз юритилади. «Жаҳон» АА томонидан унинг қисқача таржимаси келтирилган.

Муаллиф Ярослав Трофимов ўзгаришларнинг асосий ва ҳаракатлантирувчи кучи Ўзбекистоннинг янги минтақавий сиёсати эканини айтади. Ушбу давлат Марказий Осиё аҳолисининг 45 фоизига эгалик қилгани ҳолда, минтақадаги барча давлатларга кучли таъсир кўрсатади.

Скриншот: The Wall Street Journal

Мақолада президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсий фаолиятига юқори баҳо берилади, у Марказий Осиёни ўзбек дипломатияси учун бош устувор йўналиш сифатида белгилади.

Журналист Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йоркда бўлиб ўтган 72-сессиясидаги нутқидан иқтибос келтирган: «Тинч ва фаровон Марказий Осиё - бизнинг асосий мақсадимиз ҳамда муҳим вазифамиз ... Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан барча масалалар бўйича оқилона муросага тайёрмиз».

Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистоннинг жасоратли ва фаол қадамлари «Марказий Осиё мамлакатларидаги иқтисодиётнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатишга қодир. Бу ўтмишда зўравонлик кайфиятидаги экстремизмнинг ўсишига сабаб бўлган миллатлараро зиддиятларни камайтириши мумкин».

Муаллиф бир неча ҳафта аввал Ўзбекистон президенти қўшни Қирғизистонга ташриф буюрганини эслайди. Бу ўтган йиллар ичида биринчи олий даражадаги ташрифга айланди. Учрашув якунида икки мамлакат ўртасида давлат чегараси тўғрисида тарихий битим имзоланди. Унинг кетидан бошқа амалий қадамлар ҳам қўйилди: чегара пунктлари фаолияти қайта тикланди ва ўзаро сафарларга оид кўплаб чекловлар олиб ташланди. Буларнинг барчаси катта ютуқдир, чунки чегарада бўйича кескинлик давлатлараро муносабатлардаги энг мураккаб масалалардан бири эди.

Чегара билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал этилиши, The Wall Street Journal’нинг ёзишича, ҳар икки томондаги одамларга йиллар давомида кўрмаган қариндошлари ва дўстларининг олдига бориш имконини берди. Ўзаро савдога катта туртки берилди, унинг ҳажми геометрик прогрессия билан ўсиб бормоқда.